16:30 / 26.12.2017
33803

Зидан қўрқоқми? «Эл-класико»даги мағлубият сабаблари

Фото: Reuters

Навбатдаги Эл-Класикодан бир неча кун ўтди ҳамки, ўша учрашув ҳақидаги мунозаралар тингани йўқ. Мени бир томони хурсанд қилади, балки адашаётгандирман, билмадим-у, бу сафар ҳакамнинг қарорлари, футболчиларнинг ўзини тутиши-ю, киритилган қарорлардан кўра, ўйиннинг тактик жиҳати ҳақида кўпроқ гапирилаётгандек. Яъни, Зиданнинг бу ўйинга ёндашуви, майдонга кўпчилик кутганидек, Иско эмас, Ковачичнинг туширилиши, биринчи бўлимдаги устунликни янада оширишга уриниш кўзга ташланмаётгани ва ҳоказо. Яъни, шунчаки тортишувлар эмас, аслида нима бўлганини билишга уринишлар бордек. Одатдагидек, икки жамоа мухлисларининг ўзаро ҳақоратлари ўрнини, бир жамоа мухлислари орасидаги икки фронт эгаллагандек. Бу яхши. 

Мунозаралар асосан бир савол устида айланмоқда: Зидан қўрқоқми?

Сал узоқдан келаман, эсингизда бўлса, икки ҳафта олдин «Олд Траффорд»да Манчестер дербиси бўлиб ўтди. Турнир нуқтаи назаридан ўша ҳолат бугунгини ёдга солиб юборгани учун ҳам, айтяпман. Ўйиндан бир кун олдин Манчестерда ноқулай об-ҳаво кузатилди ва ҳатто ўйиннинг бошқа кунга кўчирилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар чиқди. Англиядаги тиғиз тақвимни назарда тутсак, «бошқа кун» камиди 2-3 ойдан кейин келиши ҳам мумкин эди. 

Ўшанда «Манчестер Юнайтед» мухлиси сифатида ўйиннинг бўлмаслигини истадим ва бу ҳақида ижтимоий тармоқда ҳам ёзгандим. Негадир ўшандаги жамоалар орасидаги 8 очколик фарқ жуда қалтис туюлганди. 

Фарқ янада кичикроқ бўлса, ўйин янада қизиқроқ ўтарди. «Манчестер Юнайтед» ўзаро ўйнамасдан туриб, кичик жамоалардан барқарор очко йиққан ҳолда, балки фарқни қисқартирар, ана ўшанда дерби бошқача бўлар деб ўйладим. Айтайлик, рақибидан 2-4 очко ортда бораётган жамоа ўз майдонидаги ўйинни имконият сифатида билади ва нима қилиб бўлса ҳам, ғалаба қозонишга ҳаракат қилади. 

Ёки аксинча, фарқ каттароқ бўлса ҳам майли. У ҳолда, турнир жадвали ўйинга таъсирини ўтказмайди, таъқибчи жамоа ҳаммасини унутиб, ҳаёт-мамотдек майдонга тушиши, ҳеч бўлмаса, бир ўйинда пешқадамдан устунлигини кўрсатиб қўйишга уринади. 

8 очко эса жуда қалтис. Таъқибчи учун. Ғалаба деярли ҳеч нарса бермайди, мағлубият эса, гўёки, барча имкониятни кўмади. Менимча. 

Гап фақат АПЛ ёки Ла Лигада ҳам эмас. Агар шундай ҳолат мавсум охирида рўй берганида ҳам, ёндашув бошқачароқ бўларди, бунга ишонаман. Мавсум ярмига етмай, асосий мақсаддан бу қадар узоқлашиш шунчалик хавфлики, бу жамоани издан чиқаради, бошқа турнирларга ҳам таъсир ўтказади, футболчиларни руҳлантириш борасида мураббийга катта муаммо туғдиради. Лигадаги ҳар бир ўйинда турнир мотивациясининг етарли бўлмаслиги февралда ЕЧЛ ўйинларига жамоанинг юқори спорт формасида етиб боришига ҳам салбий таъсир ўтказади.  

Ўшанда Моуриньо ўта эҳтиёткорлик қилиб юборди ва мағлубиятга учради. Кўпчилик уни қўрқоқликда айблади. Ўшанда мен бу айбловларнинг асосий сабаби, Моуриньонинг ҳаммага маълум бўлган услуби, ҳимоявий ўйнашни яхши кўриши деб ўйлагандим. 

Эл-Классикодан кейин эса, икки нарсани тушундим. Биринчиси, услуб жиҳатидан Моуриньога у қадар ўхшамайдиган Зидан ҳам, яхшироқ ижрочиларга эга бўлиб туриб, эҳтиёткор тактикани танлади. Демак, дедим мен, бундай вазиятда эҳтиёт бўлиш фақат Моуриньога хос эмас экан, натижа эътибори билан қалтис вазиятда бошқа мураббийлар ҳам худди шундай йўл тутишар экан. Балки Гвардиола ҳам. 

Иккинчиси, Моуриньо танқид қилинганининг сабаби, унинг аввалги репутацияси эмас, ана, ҳатто Зидан ҳам ғалаба зарур бўлган пайтда эҳтиёткорлик қилса, қўрқоқликда айбланаверар экан.  

Зидан нима қилиши керак эди?

Биласизми, илгариям кўп бор айтилган, мураббийнинг қарорлари тўғри ёки нотўғри бўлмайди. Бир мураббий мана бу қарорни қилиб хато қилди, деб айтиш жуда мушкул. Мураббий қарорлари ва унинг оқибатлари бўлади – ўша оқибат, яъни якуний натижага қараб, белгиланган режа иш берди ёки бермади, дейиш мумкин холос. 

Зидан айтайлик, Ковачични эмас, Искони тушириши ва якунда барибир мағлубиятга учраши мумкин эди. Ўшанда кўпчилик, Зиданнинг ўзига ишониб юборгани, балки Мессига етарли қаршилик қила оладиган режа тузмагани ҳақида айбланарди, бу шубҳасиз.

Ёки кечаги таркиб билан ҳам, «Реал» ғалаба қозониши ва кўпчилик учун кутилмаганда, Искони эмас, Ковачични тушириб, «Барселона»нинг ҳужумларини кесиб қўйган (1-бўлимдаги каби) тактик даҳо Зинедин Зидан ҳақида ажойиб мадҳлар ўқиб ўтирган бўлардик, бу ҳам шубҳасиз. 

Яъни гап Ковачич ёки Искода эмас, ўйиннинг сценарийсида, конкрет вазиятларнинг оқибатларида, Суареснинг голи аниқ чиқиши-ю, Роналду тўпни тепа олмай қолишида... Буни на Зидан, на Валверде назоратга олиши мумкин эди. 

Йўқ, мен барчасини вазиятларга тўнкаб, мураббийларнинг хизматларини камайтирмоқчи эмасман. Зидан «Реал»га бир ўйин учун мураббий бўлмаган, унинг вазифаси — жамоанинг ҳужумини, ҳимоячини шакллантириш, таркибдаги футболчилар орасидаги боғламларни яхшилаб бориш, ижобий муҳит шакллантириш ва ҳоказо. У бу ишларни имкон қадар бажариб келмоқда. Зиданда «Барселона»га қарши ўйнаш учун бир неча вариант бўлган – мураббийнинг шунча йиллик меҳнатининг самараси шу – яъни «Барселона» каби жамоаларга қарши ўйнаш учун бир неча вариантлар бўлишини таъминлайдиган жамоани тузиш. (Масалан, «Хетафе»да «Барселона»га қарши биргина вариант бор) 

Шунчаки, Зидан ўша тўғри вариантлардан бирини танлади. Шунчаки, мана шу вариант оқибатда ижобий натижани олиб кела олмади холос. Оқибат бундай бўлиб чиқишини ўйин тугамасдан туриб била олмасдик.  

Зиданга  ғалаба жуда зарур эди. Аммо мағлубиятга учраб, декабрдаёқ балки мавсумни тугатиб қўйиш хавфи янада каттароқ бўлган. Зидан қўрқоқ эмас, у – мураббий. У ўша ўйин натижасига масъул бўлган ягона шахс эди.

Масъулиятнинг отини қўрқоқ қўйманг...

Қаҳрамон Асланов

Top