08:00 / 27.12.2017
10729

АҚШнинг учта шаҳри Пентагонни судга берди

Фото: Jason Reed / REUTERS

АҚШнинг Нью-Йорк, Филадельфия ва Сан-Франциско шаҳарлари маъмуриятлари Пентагонга қарши судга даъво ариза берди. Бу ҳақда NBC News телеканали хабар бермоқда.

Қонунга кўра, мудофаа вазирлиги ҳарбий хизмат вақтида турли жиноятлар учун ёки шармандалик билан истеъфога кетказилгандан кейин қурол сотиб олиш ва унга эгалик қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳарбийлар рўйхатини Федерал қидирувлар бюросига жўнатиши керак. Бироқ шаҳарлар маъмуриятларининг таъкидлашича, Пентагон ўнлаб йиллар давомида бу мажбуриятига бепарво қараб келган. 

Даъво аризасида таъкидланишича, айнан шу хато 5 ноябрда Сазерленд-Спрингс шаҳри черковида отишма содир этган жиноятчига қурол сотиб олишга имкон берган. Аниқланишича, ушбу жиноятни содир этган Девин Келли 2012 йилда, АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари сафида хизмат қилганда маиший зўравонлик иши бўйича ҳарбий трибунал томондан судланган ва қуролга эгалик қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилган.

Пентагон ушбу даъво аризасини изоҳсиз қолдирди. Адлия вазирлиги эса журналистларнинг ушбу ҳолат бўйича мурожаатларига рад жавобини берган.

Top