17:10 / 01.01.2018
7949

2017 йили 56 000 киши Ҳиндистон IT-соҳасида ишини йўқотди

Фото: Reuters

2017 йил Ҳиндистон IT-соҳаси мутахассислари учун қўрқинчли тушдек бўлди, дейиш мумкин. Гап шундаки, 160 млрд долларга баҳоланаётган саноат 56 000 иш ўрнини қисқартиришга мажбур бўлди. Таҳлилчиларга кўра, бундай ишдан бўшатишлар 2008 йилги инқирозда ҳам кузатилмаган.

Ҳиндистон ахборот технологиялари соҳаси нафақат оддий ишчилар, балки ўрта ва юқори лавозимли кадрларни ҳам ишдан бўшатмоқда. Улар вазифаларнинг янги даражасига жавоб бера олмаган, деб ёзмоқда Quartz нашри.

Ҳаттоки, Ҳиндистоннинг — Tata Consultancy Services (TCS) ва Infosys каби йирик компаниялари — ўз ходимларини қисқартиришга мажбур бўлди. Одатда, улар йилига самарасиз ишлаган 1 фоиз ходимини ишдан бўшатар эди. Аммо 2017 йили ҳинд IT-компаниялари 2-6 фоизгача ходимлари билан хайрлашишди. Масалан, Infosys 2017 йил бошидаёқ 9 000 кишини қисқартирган эди. Cognizant автоматлаштириш натижасида 6 000 кишини ҳайдади. Ўрта ва юқори мансабдорлар ҳам аяб ўтирилмади. 

«Рақамлаштириш ва автоматлаштириш ташкилотларнинг ходимларни танлаш усулини қайта кўриб чиқмоқда, улар механик вазифаларни бажара оладиган эмас, балки иқтидорли номзодларни ишга олмоқда. Бу серрақобат соҳада ишлаб олишнинг ягона усулидир», — дея изоҳ берган Incedo HR-хизмати раҳбари Арун Паул.

Узоқ истиқболда автоматлаштириш тор доирада ихтисослашган мутахассислар учун янги иш ўринлари барпо этади. Айниқса, 2020 йилга келиб соҳа маълумотларни таҳлил қилувчиларга эҳтиёж сезади. 

Бугунги кунда Ҳиндистон IT-соҳаси мутахассисларининг атиги 5 фоизи юқори талабларга жавоб беради. Бу эса жиддий муаммо бўлиб, автоматлаштириш жараёнида улар 40 фоиз паст малакали мутахассислар ўрнини эгаллаши талаб этилади. Оддий ишларни бажарган ходимлар, яъни 2020 йилда 700 000 киши иш ўрнидан маҳрум бўлади, дейилади HfS Research тадқиқотида.

Бундай истиқболлар ёш IT-мутахассисларини тушкунликка, ўз имкониятларини жиддий баҳолай олмасликка сабаб бўлмоқда ҳамда уларни руҳлантирмаяпти. 

Top