19:10 / 04.01.2018
20941

«Акс ҳолда ўзимни ўлдирардим». АПЛда янги йилнинг биринчи тури воқеалари

2-3 январь кунларида Англия чемпионатида 22-тур учрашувлари ўтказилди. «Трибуна» турнинг асосий воқеаларини кўриб чиқади.

Мората - мемлар қаҳрамони

Фото: Англия Премьер Лигаси

Бу мавсумда Англия чемпионатидаги энг томошабоп ўйин Лондонда, «Эмирейтс» ўйингоҳида бўлиб ўтди. «Арсенал» «Лестер»га қарши ўйинда иродали ғалабага эришганди, «МЮ»га қарши ўйин де Хеанинг бенефисига айланди, «Ливерпуль» (3:3) ва «Челси»га (2:2) қарши ўйинларнинг охирги дақиқалари даҳшатли тарзда кечди.

3 январь оқшомида кечган учрашувда «Челси» ҳужумчиси Альваро Мората қулай имкониятларни кўкка совурмаганида, ўйиннинг иккинчи қисми бу қадар кураш остида кечмаган бўларди. Аммо испаниялик футболчи гол урмаслик қийин бўлган вазиятларда буни уддалади ва мемлар қаҳрамонига айланди. Интернетда шундай ҳазиломуз ибора айланмоқда «Тупак ҳамон тирик бўларди, агар уни Мората ўққа тутганида».

Фото: sports.ru

Арсен Венгер эса ўйиндан кейин ҳакамликдан қаттиқ норозилик билдирди. Унинг фикрича, Азар билан боғлиқ вазиятда пенальти беришга асос йўқ эди.

Фото: Англия Премьер Лигаси

У бундан ҳам асабий бўлиши мумкин эди, агар ўйинда охирги дақиқаларда ҳисоб Беллерин томонидан тенглаштирилганидан кейин Дзаппакостанинг зарбаси тўсиндан қайтмай гол бўлганида. Ундан журналистлар шундай эҳтимолга реакциясини сўрашди. Унинг жавоби эса шундай бўлди: «Ўзимни ўлдирган бўлардим».

Барҳаёт Де Брюйне

Фото: Манчестер Сити

«Манчестер Сити»ни енгиб бўлмайди, унинг етакчисини тўхтатиб бўлмайди. «Кристал Пэлас»га қарши ўйин охирида Панчеон томонидан қўполлик билан йиқитилгач, замбилда майдондан олиб чиқиб кетилган Кевин Де Брюйненинг оёғи сингани, у камида икки ҳафта майдонга қайта олмаслиги кутилганди. Аммо у 48 соат ўтиб яна майдонда ва «Уотфорд»га қарши ўйинда жамоасининг ғалабасига ёрдам берди, унинг пасини рақиб футболчиси Кабаселе ўз жамоаси дарвозасига киритиб юборди. Унга қўполлик қилган ва ўзи ҳам замбилда майдондан олиб чиқилган Панчеон эса бу мавсумда футбол ўйнамайди.

«Сити» 22 учрашувдирки, мағлубият нелигини билмаяпти. Ўйиннинг 39-сониясидаёқ Раҳим Стерлинг ҳисобни очганди. Энди у мавсумда энг тез ва энг кеч урилган голлар муаллифи бўлган футболчидир. 

Моуриньо Скоулзга қарши

Фото: Спорт Экспресс

Бу турда «Манчестер Юнайтед» ғалабасиз сериясини якунлади, Лингард гол уришда давом этди, у ва Марсияль Лукаку ҳамда Златан Ибраҳимовичнинг йўқлигини билдирмади. Ҳамма хурсанд эди, Моуриньо эса «сувни лойқалаш» учун сабаб топа олди. У «МЮ»нинг афсонавий футболчиси Пол Скоулзнинг жамоанинг ҳозирги футболчиси Поль Скоулз ҳақидаги ва умуман жамоа футболчилари охирги вақтларда ўта толиққан кишиларга ўхшаб ҳаракатланаётганини айтиб қилган танқидларини эслаб қолди.

«Менимча, Скоулзнинг қилар иши шарҳловчилик эмас, танқидчилик. Мен у футбол шарҳлаяпти деб ўйламайман. Шарҳловчилик ва танқидчилик турли иш. Скоулз тарихга буюк футболчи сифатида киради, футбол эксперти сифатида эмас. Агар у қачондир мураббий бўлса, мен унга мен эришган муваффақиятларнинг ҳеч бўлмаса, 25 фоизига эришишини тилайман. Бу 6тага яқин совринга тенг. Менимча, уни бу қониқтирган бўларди», деди Моуриньо ғалабали ўйиндан кейинги матбуот анжумани вақтида.

Шунингдек, Моуриньо яна бир бор турнир тақвимини қоралади. Йил янги, Моуриньо ўша ўша Моуриньо.

Ван Дейк майдонга тушмасдан «Ливерпуль»га ёрдам бермоқда

Фото: Твиттер

Дунёнинг энг қиммат ҳимоячисига айланган Виржийл ван Дейк яна «Ливерпуль» ўйинига заявка қилинмади. Аммо «Бёрнли»га қарши ўйиннинг охирги дақиқасида мерсисайдликлар жамоаси ҳимоячилари ғалаба голини уришди - Ловрен узатган пасни Клаван дарвоза тўрига жойлади. Ижтимоий тармоқда эса шундай гап айлана бошлади: «Таркибдаги ўрнинг хавф остида қолгач, нималар қилмайсан?».

Юрген Клопп жароҳат олган Салоҳ ва жароҳат олгани айтилаётган Коутиньо (у тез вақт ичида «Барселона»га ўтиши кутилмоқда) йўқлигида ҳам ғалабаларга эришмоқда.

Кейн кимга керак?

Фото: Тоттенҳэм

Кейн ўтган йилни рекорд билан якунлади, Маурисио Почеттино эса унга дам беришга қарор қилди ва «Суонси»га қарши ўйинга асосий ҳужумчи сифатида Льорентени туширди. Испаниялик футболчи эса 12-дақиқадаёқ ҳисобни очди.

Фото: Тоттенҳэм

Кейн иккинчи бўлимда майдонга туширилди, аммо унинг ғалабага ёрдами керак бўлмади, ўйин охирида Деле Алли ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди.

22-тур ўйинлари
«Брайтон» - «Борнмут» - 2:2 (1:1).
Голлар: Кноккарт, 5 (1:0). С.Кук, 33 (1:1). Маррей, 48 (2:1). Уилсон, 79 (2:2).
«Лестер» - «Ҳаддерсфилд» - 3:0 (0:0).
Голлар: Маҳрез, 53 (1:0). Слимани, 60 (2:0). Олбрайтон, 90+2 (3:0).
«Стоук Сити» - «Ньюкасл Юнайтед» - 0:1 (0:0).
Гол: Перес, 73 (0:1).
«Бёрнли» - «Ливерпуль» - 1:2 (0:0)
Голлар: Мане, 61 (0:1). Гудмундссон, 87 (1:1). Клаван, 90+4 (1:2).
«Эвертон» - «Манчестер Юнайтед» - 0:2 (0:0).
Голлар: Марсиял, 57 (0:1). Лингард, 81 (0:2).
«Саутҳемптон» - «Кристал Пэлас» - 1:2 (1:0).
Голлар: Лонг, 17 (1:0). Макартур, 69 (1:1). Миливоевич, 80 (1:2).
«Суонси» - «Тоттенҳэм Ҳотспур» - 0:2 (0:1)
Голлар: Льоренте, 12 (0:1). Алли, 89 (0:2).
«Вест Ҳэм Юнайтед» - «Вест Бромвич» - 2:1 (0:1)
Голлар: Макклин, 30 (0:1). Кэрролл, 59 (1:1). Кэрролл, 90+4 (2:1).
«Манчестер Сити» - «Уотфорд» - 3:1 (2:0).
Голлар: Стерлинг, 1 (1:0). Кабаселе, 13 - автогол (2:0). Агуэро, 63 (3:0). Грэй, 82 (3:1).
«Арсенал» - «Челси» - 2:2 (0:0)
Голлар: Уилшир, 63 (1:0). Азар, 67 - (пенальтидан 1:1). Алонсо, 84 (1:2). Беллерин, 90+2 (2:2).

Турнир жадвали

Фото: Англия Премьер Лигаси
Top