17:30 / 05.01.2018
12732

Toyota’нинг ҳайдовчисиз янги автомобили атрофдаги 200 метрни «кўриши» мумкин

Фото: Toyota

Дунёнинг энг йирик автомобиль ишлаб чиқарувчиларидан бирининг Америка тармоғи бўлмиш Toyota Research Institute ўзининг синовларга мўлжалланган автомобили энг янги версиясини тақдим этди. Асос сифатида LS 600hL моделидан фойдаланилади, у LIDAR тизими, радар, шунингдек бир нечта камера билан жиҳозланган. Toyota ушбу автомобилни ўтган йили кўрсатганди, аммо бу сафар яхшиланган версия намойиш этилди, уни автомобиль ишлаб чиқарувчисининг тадқиқот институтида «Платформа 3.0» деб аташади. Машинани CES-2018 истеъмол электооникаси халқаро кўргазмасида кенг оммага намойиш этиш мўлжалланмоқда.

Toyota’нинг яхшиланган ҳайдовчисиз автомобилидаги энг асосий жиҳатга ўз ён-атрофини аввалги версия билан таққослаганда анча узоқроқ масофага кўриш имконияти айланди. Luminar компаниясидан тўртта узоқ масофали LIDAR датчиги туфайли машина 200 метрлик радиусдаги барча нарсани сканердан ўтказишга қодир, улар автомобиль томида ўрнатилган. 

Фото: Toyota 

Масалан, Velodyne компаниясининг энг кучли LIDAR-тизими HDL-64E бўлиб, у 120 метрлик радиусни кўришга қодир. Унинг энг кенг қўлланилувчи тизими VLP-16 Puck эса фақат 100 метрни кўра олади. Боз устига, Velodyne янги мижозларни жалб этиш ҳамда технологияни бозорга тезроқ интеграция қилиш учун VLP-16 тизими қийматини ярим баробарга камайтирди.

Фото: Toyota 

Ўзи бошқарилувчи Lexus ташқи жиҳатдан ҳам яхшиланди. Эндиликда пилотсиз режим ишлаши учун керак бўлган ускуналар интеграцияси аввалги версиядагидек яққол кўзга ташланмайди. Toyota Research Institute муҳандисларининг айтишларича, автомобиль ўзининг янгиланган версияси учун Toyota CALTY Design Research дизайнерлик студияси, шунингдек компаниянинг Шимолий Америкадаги ишланмалар ва тадқиқотлар бўлими мутахассисларидан миннатдор бўлиши керак.

Toyota «Платформа 3.0»ни жорий йилнинг баҳорида ишлаб чиқаришни бошламоқчи. Автомобилларнинг бир қисми қўшимча руль бошқаруви билан йиғилади.

Top