21:45 / 09.01.2018
10389

Кореялик профессор Соғлиқни сақлаш вазирига маслаҳатчи этиб тайинланди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Жанубий Корея Миллий шифохоналари ассоциацияси раиси, нуфузли Чоннам миллий университети профессори Юн Тек Рим Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг маслаҳатчиси этиб тайинланди. Бу ҳақда «Kun.uz»га вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

«Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22–25 ноябрь кунлари Корея Республикасига расмий ташрифи доирасида икки давлат раҳбарлари ўртасида турли соҳалар, хусусан, соғлиқни сақлаш тизими бўйича ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш билан боғлиқ имзоланган кўплаб шартномалар доирасида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг маслаҳатчиси лавозими жорий этилиб, ушбу лавозимга Жанубий Кореянинг таниқли профессори Юн Тек Рим номзоди тасдиқланди», — дейилган хабарда.

Япониянинг Гуруме ва АҚШнинг Жон Ҳопкинс тиббиёт мактабларида малака оширган машҳур олим Жанубий Кореядан ташқари, ўз фаолиятини халқаро миқёсда, хусусан, АҚШдаги ортопед-жарроҳлар академияси, Жаҳон ортопед-жарроҳлари ва травматологлари уюшмаси каби нуфузли ташкилотларда ҳам академик тадқиқотлар олиб боради. Ўз фаолияти давомида 8 мингдан ортиқ мураккаб амалиётларни муваффақиятли ўтказган Юн Тек Рим Жанубий Кореяда бир неча марта энг яхши жарроҳ сифатида эътироф этилган. Айнан профессор Юн Тек Римдан таълим олиш, тиббий кўрикдан ўтиш учун дунёнинг деярли барча давлатларидан шифокорлар ва беморлар Жанубий Кореяга тез-тез ташриф буюриб туради.

Юн Тек Рим халқаро миқёсда орттирган ўз тажрибаси ва илмий салоҳиятини икки мамлакат тиббиёт тизими учун сафарбар қилаётганидан ва ушбу меҳнатлари катта эътироф қозонаётганидан мамнун эканлигини билдирди.

Top