05:44 / 10.01.2018
16994

Туризм, қурилиш, халқаро савдо-сотиқ, транспорт ва логистика ҳамда...  аэрокосмик саноат

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳаси эълон қилинди.

Дастурнинг III боби «Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари» деб номланган. Унинг Таркибий ўзгартиришларни чуқурлаштириш, миллий иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш ҳисобига унинг рақобатбардошлигини ошириш бўлимида амалга оширилиши мўлжалланаётган қуйидаги чора-тадбирлар белгилаб олинмоқда.

Энергетика соҳасида монополияни тугатиш, электр энергияси етказиб беришда рақобат муҳитини шакллантириш ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни рағбатлантириш.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳаси. Лойиҳада:

  • энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш учун энергетика тизимини ислоҳ қилиш;
  • унинг асосий мақсади, устувор йўналиш ва вазифаларини белгилаб берадиган стратегия ва аниқ тадбирлар назарда тутилади.

Маҳаллий аҳолининг мамлакат бўйлаб саёҳатларини рағбатлантириш, сайёҳлар учун тегишли инфратузилмалар яратиш, ҳудудларнинг сайёҳлик салоҳиятини кенг тарғибот қилиш орқали ички туризмни тизимли ривожлантириш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси. Лойиҳа билан комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланади. Дастурда:

  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ҳамда Тошкент шаҳрида ҳаммабоп меҳмонхоналар тармоғини франшизинг шартномаси асосида қуриш мақсадида чет эл нуфузли компанияларини жалб этиш:
  • туризм инфратузилмалари учун малакали мутахассислар тайёрлаш, туризм соҳасига тааллуқли янги иш жойларини барпо этиш назарда тутилади.

Хорижий сайёҳларнинг ташрифи учун кенг шароитлар яратиш, уларнинг саёҳат дастурларини мазмунан бойитиш ва кўрсатиладиган хизматлар турларини кенгайтириш ҳисобига туризмни жадал ривожлантириш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси. Лойиҳада:

  • туризмни ривожлантириш учун виза тартибини соддалаштириш;
  • халқаро авиақатновларни кўпайтириш, шу жумладан хорижий авиакомпанияларни жалб қилиш учун кенг имкониятлар яратиш;
  • туристик маҳсулотларни харид қилиш тизими, жумладан, электрон тўловлар тизимини ривожлантириш, сайёҳларга хизмат кўрсатувчи ташкилотларга имтиёз ва преференциялар тақдим қилиш;
  • саёҳат дастурларини мазмунан бойитиш ва кўрсатиладиган хизматлар турларини кенгайтириш;
  • Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини кенг тарғиб қилишга оид масалалар назарда тутилади.

Мамлакатимиздаги моддий маданий мерос объектларида ва улар атрофидаги объектларда тегишли инфратузилмани шакллантириш, амалга ошириладиган диний маросимлар учун тегишли шароитларни яратиш орқали зиёрат туризмини соҳанинг истиқболли йўналиши сифатида, шу жумладан, мусулмон давлатлари учун зиёрат туризимини ривожлантириш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси. Лойиҳада:

  • зиёрат туризми бўйича хизмат кўрсатиш объектлари томонидан қўлланилиши мажбурий бўлган стандартларни қабул қилиш, сайёҳларни кенг жалб қилиш учун зарурий инфратузилмани шакллантириш, зиёратчилар учун хизмат кўрсатишнинг мақбул турларини жорий этиш;
  • зиёрат туризмига мусулмон давлатлардан сайёҳларни жалб қилиш борасида «Тошкент–Самарқанд–Бухоро» йўналиши бўйича концепция ишлаб чиқиш назарда тутилади.

Даволаш-соғломлаштириш ва рекреация туризмини тизимли ривожлантириш, даволаш-соғломлаштириш имкониятига эга бўлган табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш чораларини кўриш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси. Лойиҳада:

  • даволаш ва соғломлаштириш муассасаларини хорижий, биринчи навбатда, Марказий Осиё мамлакатлари фуқароларини қабул қилишга мослаштириш;
  • даволаш хусусиятига эга бўлган, маъданларга бой табиат бойликларидан самарали фойдаланиш бўйича тегишли инфратузилмани яратиш;
  • мавжуд имкониятларни кенг тарғиб қилиш ва сайёҳларни жалб этишга оид масалалар назарда тутилади.

Намунали фермер хўжаликларини сайёҳларга хизмат кўрсатишга мослаштириш, уларга сайёҳларни жалб қилиш ҳамда уларнинг мамлакатимизда қолиш кунларини узайтириш мақсадида агротуризмни ривожлантириш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси. Лойиҳада:

  • намунали фермер хўжаликлари негизида сайёҳларга хизмат кўрсатиш, хусусан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш жараёни билан таништирувчи ташриф марказларини ташкил қилиш;
  • туристларни ҳосил йиғишга жалб қилиш, қизиқарли маҳорат дарсларини ташкил этиш;
  • етиштириладиган маҳсулотларни туризм маҳсулотлари доирасида кенг тарғиб қилиш ва сайёҳларни жалб қилиш масалалари  назарда тутилади.

Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга кириш, уларда бўлиш тартибини соддалаштириш ҳамда тегишли инфратузилмани яратган ҳолда экологик ва туризмнинг бошқа фаол турларини ривожлантириш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси. Лойиҳада:

  • муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга кириш, уларда бўлиш тартибини соддалаштириш;
  • сайёҳлар учун тегишли инфратузилмаларни яратиш, ташриф буюриши мумкин бўлган чегараларни белгилаш;
  • ҳудудлар салоҳиятидан келиб чиқиб туризмнинг фаол турларини ривожлантириш каби масалалар назарда тутилади.

Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо сифатида кириши юзасидан музокараларни фаоллаштириш.

Чора-тадбирлар дастури. Дастурда:

  • миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти битимларида назарда тутилган нормалар билан ўзаро таққослаш ҳамда уларни ўзаро мувофиқлаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;
  • Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича Идоралараро комиссиянинг янгиланган таркибини тасдиқлаш ;
  • халқаро ташкилотлар ва ривожланган мамлакатлар билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш устунликлари, оқибатларини ўрганиш ва таҳлил қилиш ҳамда мамлакат учун манфаатли шартларда ҳуқуқий ва институционал ислоҳотларни амалга ошириш бўйича таклифларни шакллантириш;
  • Жаҳон савдо ташкилотининг Ўзбекистон Республикасини ушбу ташкилотга аъзо бўлиши бўйича Ишчи гуруҳи билан тўртинчи йиғилишини ўтказиш назарда тутилади.

Мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинишига кўмаклашиш ҳамда божхона расмийлаштируви вақти ва молия харажатларини қисқартириш мақсадида мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиниши бўйича «яшил йўлак» тизимини Қозоғистон, Қирғизистон, Беларусь ва Болтиқбўйи мамлакатлари билан йўлга қўйиш чораларини кўриш.

Келишув битимлари. Битимларда Қозоғистон, Қирғизистон, Беларусь ва Болтиқбўйи мамлакатларининг божхона ва карантин хизмати органлари билан мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиши бўйича «яшил йўлак» тизимини жорий этиш бўйича тегишли тадбирлар назарда тутилади.

Чегарадош мамлакатлар билан логистик маршрутларни диверсификация қилиш.

Келишув битимлари. Бунда чегарадош мамлакатлар билан амалий музокаралар ўтказиш, қўшни давлатларнинг инфратузилмаларини ривожлантиришга инвестициялар киритиш ташаббуси билан чиқиш орқали маҳсулотларнинг экспорт-импортидаги логистик муаммоларни ҳал этишга қаратилган тадбирларни амалга ошириш назарда тутилади.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг «Интеграциялашган транспорт бошқарув тизими» Концепцияси ва Битимини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш.

«Йўл харитаси» ва чора-тадбирлар дастури. Бунда ташкилотга аъзо давлатлар билан интеграциялашган транспорт бошқарув тизимини ташкил этиш бўйича музокаралар олиб бориш, инвестициявий дастур лойиҳасини ишлаб чиқиш ва молиялаштириш манбаларини аниқлаш, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг «Интеграциялашган транспорт бошқарув тизими» Концепцияси ва Битимини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш учун ташкилотнинг навбатдаги йиғилиши кун тартибига киритиш чоралари назарда тутилади.

Экспорт қилинадиган асосий юкларни қуйидаги ҳудудлар орқали темир йўл транспортида транзит ташишда тариф преференцияларини олиш чораларини кўриш:

  • Туркманистон ва Эрон ҳудудлари орқали — Бандар-Аббос бандаргоҳига ва кейинчалик Жанубий, Жануби-Шарқий Осиё ва Осиё-Тинч океани минтақасига чиқиш учун;
  • Озарбойжон ва Гуржистон ҳудудлари орқали — Қора денгиздаги Поти, Батуми ва Ильичевск бандаргоҳлари, Ўрта Ер денгизидаги Мерсин бандаргоҳига, кейинчалик Яқин Шарқ ва Шимолий Африка давлатларига, шунингдек, Мармарай довони орқали Европа Иттифоқи давлатларига чиқиш учун;
  • Қозоғистон ва Россия ҳудудлари орқали — Болтиқбўйи ва Қора денгиз ҳамда Узоқ Шарқ бандаргоҳларига чиқиш учун.

«Йўл харитаси» ва чора-тадбирлар дастури. Бунда:

  • тегишли давлатлар темир йўл маъмуриятларига мурожаатлар юбориш;
  • масалаларни икки томонлама музокаралар ва учрашувлар давомида кўриб чиқиш юзасидан амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирларни аниқ белгилаш;
  • чет эл давлатларидаги Ўзбекистон Республикаси элчихоналари вакилларини кенг жалб қилиш;
  • лойиҳаларни амалга ошириш учун молиявий манбаларни аниқлаш, хорижий давлатлар ҳамда халқаро молия институтлари маблағларини жалб қилиш юзасидан музокаралар ўтказиш назарда тутилади.

Миллий юк ташувчиларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик субъектларига қўшимча шароитлар яратиш мақсадида «Миллий логистика портали»ни ташкил этиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси. Лойиҳада тадбиркорлик субъектлари ушбу портал орқали дунёнинг барча нуқталарида миллий юк ташувчиларнинг транспортлари ҳақида маълумотларни «онлайн» режимида тезкор олиши ва буюртма бериш имконияти яратилиши, халқаро логистика компаниялари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали ушбу портал имкониятларини кенгайтириш назарда тутилади.

Дунёнинг 20 та мамлакатида 50 дан ортиқ халқаро кўргазма ва ярмаркаларда маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарнинг иштирок этишини ташкиллаштириш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси. Бунда:

  • Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ўзбекистон Республикасидан вакиллар иштирок этиши лозим бўлган халқаро кўргазма ва ярмаркалар рўйхатини тасдиқлаш;
  • маҳаллий экспорт корхоналарининг 2018 йилда ушбу халқаро кўргазма ва ярмаркаларда иштирок этишини ташкиллаштириш;
  • кўргазма ва ярмаркалар орқали миллий маҳсулотлар учун хорижий харидорларни жалб қилиш бўйича аниқ чоралар назарда тутилади.

2018–2030 йилларда қурилиш соҳасини модернизация қилиш, соҳани инновацион ва илғор ривожлантириш стратегиясини қабул қилиш.

Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси. Қурилиш соҳасини 2018-2030 йилларда инновацион ривожлантириш дастури тасдиқланади. Дастурда:

  • инновацион технологияларни жорий этиш;
  • миллий лойиҳа ҳамда пудрат ташкилотларини ташқи бозорларга чиқишини рағбатлантириш чоралари;
  • қурилиш соҳасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида ушбу бозорга киришдаги бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш;
  • замонавий жаҳон стандартлари асосида норматив ва техник регламентларни, амалдаги қурилиш норма ва талабларини тўлиқ қайта кўриб чиқиш;
  • малакали қурувчи ва архитекторлар синфини шакллантириш ва бу орқали бир марталик ишчиларни жалб қилишдан иборат нотўғри амалиётга барҳам бериш;
  • хориждан малакали мутахассисларни жалб қилиш ва тизим асосида маҳаллий мутахассисларнинг хорижий мамлакатларда малака ошириш учун юбориш бўйича шарт-шароитларни яратиш;
  • давлат харидлари тизимини такомиллаштириш жараёнида маҳаллийлаштириш лойиҳалари асосида қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчиларнинг манфаатини инобатга олиш назарда тутилади.

Инвестиция дастурлари ва лойиҳаларини шакллантириш ҳамда амалга ошириш, уларнинг ижросини назорат қилишнинг самарали тизимини яратиш.

Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси. Лойиҳада қуйидагилар акс эттирилади:

  • инвестиция дастурлари ва лойиҳаларини шакллантириш тартибини, ваколатли экспертиза органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш;
  • Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимини яратиш ва жорий этиш ишларини жадаллаштириш;
  • давлат ва ҳудудий дастурлар, инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилиши самарадорлиги ва шаффофлигини таъминлаш.

Интернет тармоғида маҳаллий ва хорижий инвесторларни зарур статистик ахборотлар, бизнесни юритиш учун яратилган шарт-шароитлар билан таъминлайдиган «Инвестиция портали»ни ишга тушириш.

Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси. Лойиҳада:

  • Ўзбекистон Республикаси Инвестиция порталини яратиш, ушбу портални 2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб ишга тушириш ва доимий ишлашини таъминлаш;
  • мамлакатнинг инвестиция салоҳияти тўғрисида, тақдим этилаётган имтиёзлар, инвестиция киритиш афзалликлари, инфратузилма, географик жойлашув, шунингдек, давлат мулки объектлари, инвесторларга кўрсатилаётган хизматлар тўғрисида давлат тили, рус тили ва бошқа хорижий тилларда кенгайтирилган ахборотлар;
  • маҳаллий ва хорижий инвесторларга интерфаол шаклда давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг хизматлари;
  • инвесторнинг қаерда ва қандай усулда мурожаат қилганлигидан қатъи назар, мурожаатлар кўриб чиқилишининг амалдаги ҳолати ва натижасидан хабардор бўлиб туриш имкониятини таъминлаш назарда тутилади.

Барча инвесторлар учун туну кун ишлайдиган бепул тезкор алоқа телефонларини ташкил этиш.

Ижрочиларнинг тегишли қарори. Инвесторлар инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда юзага келадиган барча муаммоли масалалар юзасидан долзарб маълумотларни олиш имкониятига эга бўлади.

Миллий авиация саноатини қайта тиклаш ҳамда иқтисодиётнинг янги тармоғи сифатида аэрокосмик саноатни шакллантириш.

Лойиҳа билан Давлат дастури тасдиқланади. Дастурда:

  • аэрокосмик фаолиятни тартибга солиш бўйича масъул давлат органини белгилаш;
  • Ўзбекистон Республикасининг 2018–2035 йилларга мўлжалланган аэрокосмик саноатни ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича стратегиясини ишлаб чиқиш;
  • соҳанинг моддий ва илмий базасини шакллантириш, малакали кадрлар тайёрлаш, уларни хорижий таълим муассасаларида малакасини ошириш механизмларини яратиш, хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш чораларини кўриш бўйича тадбирлар назарда тутилади.
Мавзу
2018 йилги Давлат дастури

«Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастури лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди, у 15 январга қадар давом этади.

Барчаси
Top