12:30 / 10.01.2018
16668

«Вазият жуда оғир». Тунис раҳбарияти аҳолига мурожаат билан чиқди

Фото: Reuters

Тунис бош вазири Юсуф Шаҳид республика фуқароларини мамлакатдаги инқироздан чиқиш учун баъзи қурбонларга боришга чақирди. Бу ҳақда у сешанба куни Shems FM радиостанцияси эфирида маълум қилган.

"Тунис фуқаролари шуни тушуниши керакки, улар мамлакат бу мураккаб даврдан ўтиши учун баъзи қурбонларни келтириши лозим", - дея таъкидлаб ўтган ҳукумат раҳбари. "Шунингдек одамлар тушуниши лозимки, Тунисдаги вазият – фавқулодда, мамлакат қийинчиликлар гирдобида қолди, бироқ бизнинг фикрча, 2018 йил тунисликлар учун энг сўнгги мураккаб йил бўлиб қолади", - деди Шаҳид.

"Бугун барча фуқаролар зўравонлик актларини тугатиши ва мулоқотга ўтиши керак, бу вазиятдан чиқишнинг ягона варианти саналади, - дея мурожаат қилди бош вазир. – Зўравонликка йўл қўйиб бўлмайди, биз қонун кучини қўллашга мажбурмиз. Биз тинч норозилик намойишларида иштирок этаётган барчани ҳурмат қиламиз ва ҳимоя этамиз".

Эслатиб ўтамиз, душанба куни Тунисда хавфсизлик кучлари ва намойишчилар ўртасида тўқнашувлар вақтида бир киши ҳалок бўлгани маълум қилинганди. Таъкидланишича, норозилик намойишлари Тунисдан тахминан 40 километр масофадаги Тебурбда бошланган. Тўқнашувлар натижасида беш киши жароҳат олди ва шифохонага олиб кетилди. Нархлар ҳамда солиқларнинг ошишига қарши норозилик намойишлари Туниснинг 10 шаҳрида бўлиб ўтган. 

"Камида 44 киши совуқ қуролни сақлаш, талончилик учун қўлга олинди, - дея айтиб ўтди ИИВ расмий вакили полковник Халифа Шибоний. – Душанба куни норозилик намойишлари қатнашчилари икки полиция участкасини ёқиб юборди, дўконлар ва банкларни талади".

Top