16:00 / 12.01.2018
37296

Тошкентда ҳарбий-ватанпарварлик фестивали, шаҳар узра ҳарбий вертолётлар учиб ўтди (фото)

Бугун, 12 январь куни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан пойтахтнинг “Наврўз” истироҳат боғида “Армия ва ёшлар” деб номланган ҳарбий-ватанпарварлик фестиваль ўтказилди.

Фестиваль дастуридан ҳарбий техника ва қурол-аслаҳа намойиши, ҳарбий хизматчилар ва жанговар техникаларнинг тантанали марш билан ўтиши, барча куч тузилмалари ҳарбий оркестрлари ва Қуролли Кучлар Марказий ҳамда Ички ишлар ва МХХ Чегара қўшинлари ашула ҳамда рақс ансамбллари хонандаларининг концерт дастури, ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари, дала ошхонаси фаолияти ўрин олди.

Шу билан бирга, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида узоқ масофага югуриш акцияси бўлиб ўтди. Концерт дастурида эстрада хонандалари иштирок этди.

Тадбирда 80 дан зиёд техника қатнашди. Ҳарбий-техника кўргазмасида эса 50 дан ортиқ техника, 200 дан кўпроқ қурол-аслаҳа намуналари, 600 нафардан ортиқ ҳарбий хизматчилар ҳамда Қуролли Кучлар фахрийлари иштирок этган.

Шунингдек, Тошкент шаҳри узра 6 та ҳарбий вертолёт учиб ўтган. Фуқароларнинг таклифларига биноан мазкур фестиваль 13 январь куни соат 10.00да ўша жойда такроран бўлиб ўтади.

 

Top