14:24 / 13.01.2018
39246

Қозоғистонда бир ёшли бола онасининг айби билан кўзи ожизга айланди

Скриншот: YouTube

Қозоғистоннинг Ақтўбе шаҳрида бир ёшли бола бутунлай кўра олмайдиган бўлиб қолди. Ривожланиб бораётган касалликни даволаш мумкин эди, аммо онасининг айби билан йўқотилган вақт, унинг умрбод кўра олмаслигига сабаб бўлди. Бу ҳақда Astana TV телеканали хабар қилмоқда. 

Тиббий экспертиза хулосаларига кўра, кўзи ожизликка касалликнинг ўз вақтида даволанмаганлиги, 4 фарзандни мустақил тарбиялаётган онанинг эътиборсизлиги сабаб бўлган. Эндиликда аёл 4 фарзандига нисбатан оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган. У, шунингдек соғлиққа оғир зарар етказишда айбланган. "Таҳлиллар бола конъюнктивит сабабли кўзи ожизга айланганини тасдиқлади. Жиноят таркиби бўлмагани сабабли жиноий иш тўхтатилди", - деган Ақтўбе области ИИД матбуот хизмати раҳбари Ерболат Саркулов. 

Айни вақтда бир ёшли бола чақалоқлар меҳрибонлик уйида тарбияланмоқда. Шифокорларнинг сўзларига кўра, у ёшига мувофиқ ривожланмоқда. Бироқ унинг кўриш қобилиятини энди тиклаб бўлмайди. "Унинг икки кўзини оқ парда қоплаган. Ҳозирда ногиронликка тайёрланмоқда. У шифокорлар назоратида", - деган Ақтўбе болалар уйи бош шифокори Қодирбек Имонбоев. 

Онанинг бошқа 3 фарзанди вояга етмаганлар учун мослашув уйида тарбияланмоқда. 

Top