18:10 / 14.01.2018
9230

Эрдўған Сурия шимолига ҳарбий юриш билан таҳдид қилди

Фото: Анадолу

Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Токат вилоятидаги чиқиши вақтида Туркия мамлакат ичкарисида ҳам, ташқарида ҳам терроризмга қарши жиддий кураш олиб боражаги ҳақида гапирди. У Туркия жанубини терроризм таҳдидидан ҳимоя қилиш учун турк армияси яқин кунлар давомида Сурия шимоли-ғарбида жойлашган Манбиж ва Африн минтақаларидаги Сурия курдлари ҳудудида «Фрот қалқони» амалиёти каби ҳарбий амалиёт бошланиши мумкинлигини маълум қилди.

«Бизга берилган ваъдалар бажарилмаса, Манбиж бир ҳафтадан сўнг нима қилишимизни кўради», деган Эрдўған.

Шунингдек, у АҚШ бу борада Туркия билан ҳамкорлик қилишига умид билдиришини айтиб ўтган.

«Анқарани ва Туркия билан стратегик ҳамкорлик доирасидаги қадамларни қўллаб-қувватлаш вақти келди. Биз Вашингтон Туркияни қўллашини кутмоқдамиз. Умид қиламизки, дўст давлатлар Анкаранинг позициясини ёқлайди. Африндаги амалиётлар давомида иттифоқчиларимиз хато қадам ташламаслиги ва террорчилар тарафини олмаслигига ишонч билдирамиз», деган президент.

Туркия Сурия курдларини террорчилик ташкилоти деб ҳисоблайди.

Анқара Сурия курдларини ҳарбий қўллаб-қувватлагани учун Вашингтонни бир неча марта қоралаганди. 

«Фрот қалқони» аксилтеррор амалиёти Сурия шимолида Туркия қуролли кучлари томонидан 2016 йилнинг августидан 2016 йил мартига қадар ўтказилганди ИШИД ва PYD ташкилотларига қарши ҳарбий амалиётлар натижасида 1200 квадрат километр майдон озод қилинган, жумладан 200дан ортиқ аҳоли пункти, 3 мингга яқин жангари йўқ қилинганди.

Top