18:18 / 15.01.2018
12890

Баъзи қонун ҳужжатларига киритилган тузатишлар тўплами кучга кирди

9.01.2018 йилдаги ЎРҚ–459-сон Қонун билан бир қатор қонун ҳужжатларига тузатишлар киритилди. Norma.uz ушбу ўзгартиришлар тўғрисида батафсил маълумот берди.

Биринчидан, энди шуъба, тобе ва унитар корхоналар ўз мулкида ўзининг асосий жамияти устав капиталидаги улушга (акцияларларга) эга бўлишга ҳақли эмас. Агар улар 10.01.2018 йилгача олинган бўлса, улар улушларни (акцияларни) сақлаб қоладилар, бироқ иштирокчиларнинг (акциядорларнинг ) умумий йиғилишида овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум бўладилар.

Шу билан бирга яна бир тақиқ жорий этилди. Шуъба ва тобе корхоналар ходимлари ҳамда уларнинг бошқарув органлари аъзолари, унитар корхона раҳбари ва ходимлари тегишинча акциядорлик жамияти кузатув кенгаши ва масъулияти чекланган (қўшимча масъулиятли) жамият аъзолари бўла олмайдилар.

Ушбу тақиқларнинг сабаблари ва мантиғи тўғрисида ҳавола орқали кириладиган шарҳда батафсил ўқиш мумкин.      

Иккинчидан, солиқ хизмати товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишни кирим ҳужжатларини расмийлаштирмасдан амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақлари бўйича операцияларини 5 банк кунигача бўлган муддатга вақтинча тўхтатиб туриш ҳуқуқига эга бўлди. Бу суддан ташқари тартибда амалга оширилади. «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги Қонун ва Солиқ кодексига тегишли қўшимчалар киритилди.

Тасдиқланган таҳрирда айнан нималар товарларни (ишларни, хизматларни) кирим ҳужжатларини расмийлаштирмасдан реализация қилиш деб эътироф этилиши ҳам кўрсатилган:

• камерал назорат жараёнида аниқланган, кирим қилинган ва реализация қилинган (сарфланган) товарлар (ишлар, хизматлар) ҳажмларининг мос эмаслиги, худди шунингдек банк операцияларининг хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг хусусияти ва турига мос эмаслиги;
• солиқ текшируви жараёнида аниқланган, товарлар (ишлар, хизматлар) кирим қилинганлиги факти тўғрисида далолат берувчи ҳужжатларнинг мавжуд эмаслиги, алмаштириб қўйилганлиги, қалбакилаштирилганлиги ёки йўқ қилинганлиги, реализация қилинмаган товарлар сифатида ҳисобга олинган товарларнинг омборда ёки реализация қилиш жойида мавжуд эмаслиги; 
• хўжалик юритувчи субъектларнинг товарларни (ишларни, хизматларни) кирим ҳужжатларини расмийлаштирмасдан реализация қилаётганлиги ҳолларини тасдиқловчи ҳужжатларнинг жисмоний ва юридик шахслар томонидан давлат солиқ хизмати органларига тақдим этилиши.

Учинчидан, «Рақобат тўғрисида»ги Қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Рақобатни чекловчи оғзаки шаклдаги келишувларга, айрим истиснолардан ташқари, тақиқ жорий этилди. Лойиҳада назарда тутилган субъектларни қўшиб юбориш ва қўшиб олишга олдиндан розилик олиш учун қўшимча шарт (қўшиб юбориш ёки қўшиб олиш чоғида ташкил этилган шахснинг бозордаги улуши 35% ва ундан ортиқни ташкил этиши мумкин) якуний таҳрирда йўқ. Яъни бу ҳолда олдиндан розилик олиш талаб этилмайди. 

Бундан ташқари, олдиндан розилик олиш учун ҳужжатларни 2018 йилнинг 1 декабридан бошлаб «ягона дарча» марказларига тақдим этиш мумкин бўлади (ҳозир бевосита монополияга қарши органга тақдим этилмоқда).

Қонун «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинган ва 10.01.2018 йилда кучга кирди.        

Top