11:33 / 17.01.2018
29995

2017 йилда Avtoraqam онлайн аукциони орқали неча сўмлик “чиройли” авторақам сотилгани маълум

Фото: KUN.UZ

2017 йилда Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржасида тузилган барча битимларнинг умумий ҳажми 2016 йил даври билан солиштирганда 15,2%га ўсиб, 13,88 трлн сўмни ташкил этди. Хусусан, биржа битимларининг ҳажми 20,1%га ошиб, 11,35 трлн сўмга етди. Бу ҳақда "ЎзРТХБ" АЖ матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ўтган йилда тадбиркорлик субъектларининг ЎзРТХБ электрон савдоларида кенг иштироки таъминланди. Хусусан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштироки билан тузилган битимларнинг умумий қиймати 2016 йилга нисбатан 12%га ўсиб, 9,4 трлн сўмни ташкил этди. 

2017 йилда кўргазма-ярмарка савдолари тизимида 1,6 трлн сўмлик 66,8 мингта битим тузилди ва бу 2016 йилга нисбатан 10%га кўпдир. Биржанинг кўргазма-ярмарка савдолари ва валюта савдо майдончаси орқали 58,3 млн АҚШ долларлик маҳаллий маҳсулотлар экспорт қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 августидаги 683–сонли қарорини бажариш мақсадида жисмоний ва юридик шахсларга автомототранспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини оширилган тўлов ставкаларида сотиш бўйича янги савдо платформаси ишга туширилди. Авторақамларни сотиш бўйича онлайн аукцион биржанинг янги avtoraqam.uzex.uz вебсайтида амалга оширила бошлади.

Avtoraqam тизими ишга тушган пайтдан бошлаб 2017 йилнинг охирига қадар “ЎзРТХБ” АЖ нинг онлайн аукциони орқали умумий қиймати 27,6 млрд сўмлик 1364 та “чиройли” авторақамлар жисмоний ва юридик шахсларга сотилди.

Top