17:00 / 17.01.2018
28445

7 млрд долларлик ташриф: Назарбоев АҚШда нималарга эришди?

Фото: AP

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг Америка Қўшма Штатларига расмий ташрифи давомида Қозоғистон ва АҚШ бир неча миллиард долларлик битимларни имзолади.

Назарбоев сешанба куни АҚШ президенти Дональд Трамп билан учрашди ва Қозоғистон 7,5 миллиард долларга Америка маҳсулотларини сотиб олишга тайёр эканини маълум қилди. Трамп, ўз навбатида, Қозоғистонга экспорт АҚШ учун иш ўринларини кўпайтириш имконини бераётганини таъкидлаб ўтди.

Қозоғистон раҳбари матбуот хизматига кўра, Назарбоевнинг ташрифи доирасида 20 дан ортиқ битим имзоланган.

"Давлат раҳбарининг расмий ташрифи доирасида 20 дан ортиқ тижорат ҳужжатлари имзоланди. Улар инвестицион ҳамда савдо-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида бўлиб, авиация ва космик тадқиқотлар, нефткимё ҳамда қишлоқ хўжалиги, шунингдек, инфратузилмавий ривожланиш соҳаларида қарийб 7 млрд долларлик лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилган", - дейилади хабарда.

Бундан ташқари, матбуот хизмати маълумотларига кўра, ташриф доирасида учта ҳукуматлараро битим имзоланди: давлат ҳаво кемаларига аэронавигация хизматларини кўрсатиш учун тўловдан воз кечиш, халқаро солиқ тартибини такомиллаштириш, Қозоғистон ҳудуди орқали тижорат темирйўл транзитини таъминлаш тўғрисида баённома.

Ўз навбатида, АҚШ Давлат департаментининг аниқлик киритишича, ташриф давомида кўплаб шартномалар ва ҳужжатлар имзоланган. Улар орасида Boeing, GE Transportation, GE Digital, Chevron, Air Astana компаниялари ўртасида шартномалар бор.

Давлат департаменти маълумотларига кўра, 2016 йилда икки томонлама савдо айланмаси 1,9 млрд долларни ташкил этди, ҳар икки мамлакат бу рақамни янада кўпайтириш ниятида. Назарбоевнинг АҚШга ташрифи давомида Boeing ва Қозоғистон икки авиакомпанияси ўртасида 1,3 млрд долларлик иккита битимга ҳам қўл қўйилди – Давлат департаментига кўра, бу 7 мингдан ортиқ иш ўринларини қўллаб-қувватлаш имконини беради. Хусусан, SCAT авиакомпанияси 6та Boeing-737 лайнерига буюртма берган бўлса, Air Astana 2021 йилга қадар учта Boeing 787 Dreamliner самолётини сотиб олади.

Шунингдек, General Electric концерни ва Қозоғистон темир йўллари 900 млн долларлик битим имзолади – бу АҚШда 3,5 минг иш ўрнини яратиш имконини беради. GE Transportation 300 та махсус локомотивни етказиб беради ҳамда 175та харид қилинган машина сервисини амалга оширади. Бундан ташқари, GE Digital ва "Самрук-Казина" Миллий фаровонлик жамғармаси стратегик шериклик ҳақида келишувга эришди. Pfizer фармацевтика компанияси ўзаро англашув меморандумини имзолади, у Қозоғистон бозорида компания маҳсулотлари маҳаллийлаштирилиши бўйича лойиҳага старт беради.

Бундан ташқари, мамлакатлар 2018 йилда стратегик энергетик мулоқот доирасида техник маслаҳатлашувларни бошлайди. Chevron кўп йиллик ҳамкорлик доирасида Қозоғистон лойиҳаларига олинган даромаддан 251 млн долларни реинвестиция сифатида киритиш ҳақида меморандум имзолади. 

Top