22:00 / 19.01.2018
15059

БАА ҳукумати Қатар шайхини ўз жонига қасд қилгудек ҳолатга етказди – ОАВ

Қатар ва бир неча араб давлатлари ўртасидаги дипломатик инқироз бўйича музокараларда воситачилик қилган Қатар шайхи Абдуллоҳ бин Али Ол-Соний БАА ҳудудида бўлганда ўз жонига қасд қилгудек ҳолатга солинган. У БААда бўлганда бир неча кун давомида зўравонлик билан ушлаб турилган. Бу ҳақда шайх аудиоёзувда сўзлаб берган. Аудиоёзув Al Jazeera телеканали томондан эълон қилинди. 

Журналистларнинг маълум қилишича, аудиоёзув 15 январда ёзилган. Унда шайх БАА ҳукумати унга “қаттиқ босим” ўтказганини айтган. Шайх бунга чидолмай, ҳаттоки ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган.  

Таъкидланишича, 14 январда Қатар шайхи БААнинг валиаҳд шаҳзодаси уни зўравонлик билан ушлаб туришда айблаган видеоёзувни эълон қилган. “Мен ҳозир Абу-Дабидаман, мени бу ерда шайх Муҳаммадникида жойлаштиришган. Бироқ бу жойлаштириш эмас, асирга олишдир. Улар менга кетишни тақиқлашяпти”, деб айтган Қатар шайхи. Шайхнинг бу сўзларини BBC келтириб ўтган.

Шайх агар у билан БААда нимадир юз берса, бунга Қатар ҳукумати алоқадор бўлмаслигини айтган.

БААда шайхнинг айбловлари инкор этилган. Абу-Дабунинг экстремизмга қарши курашиш маркази бошлиғи Али Рашид ал-Нуяймий твиттерда Қатар шайхи “истаган жойига кетиши мумкинлигини” айтган.

Аудиоёзувда Ол-Соний ўтган йилги дипломатик инқироз БАА ва Саудия Арабистони Қатар бойликларини эгаллаб ололишлари учун атайлаб уюштирилганини маълум қилган.

“Дипломатик инқироз Муҳаммад бин Зайд (Абу-Даби валиаҳд шаҳзодаси) ва Муҳаммад бин Салмоннинг (Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси) Қатар бойликларини эгаллаб олиш истаги оқибати бўлган. Мен фуқароларимни ўз шаҳзодаларига содиқ бўлиб қолишга чақираман. Улар ўз давлатингизни йўқ қилишингиз учун сизни пул билан алдашга ҳаракат қилишади”, деб айтган Ол-Соний.

17 январда Қатар шайхи БААдан Кувайтга етказилган. У бу ерда шошилинч равишда шифохонага ётқазилган. Шайх укасининг айтишича, шайхнинг соғлиғи ориқлаб кетиши ва унга ўтказилган босим сабабли ёмонлашган. Ҳозир шайхнинг соғлиғи барқарорлашиб, у яқин кунларда уйига қайтиши мумкин бўлади.

 

Top