21:54 / 22.01.2018
9638

Германиялик санитар 97 беморни ўлдиришда айбланмоқда

Фото: Getty images

Аввал умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган, Германия шифохонасида фаолият юритган собиқ санитарга янги айбловлар қўйилди. Энди тиббиёт ходимига 97 қотиллик учун масъулият юкланади. Бу ҳақида душанба куни Ольденбург шаҳри прокуратураси хабар берди. 

Айбловга кўра, эркак беморларга қасддан тиббий препаратларнинг ҳалокатли дозаларини йўллаган. Шундан сўнг у беморларни жонлантиришга уринган. Бунга "ҳамкасблари ва раҳбариятга ўз кўникмаларини намойиш қилиш" истаги сабаб бўлган, дейилади ҳуқуқ-тартибот идораси хабарида. Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу хатти-ҳаракатлар давомида Дельменхорст клиникасида 62 киши ҳалок бўлган.

Даставвал собиқ санитар Нильс Х. 2008 йилда бировнинг ҳаётига суиқасд қилишда айбланиб, 7 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди. Кейинчалик психолог билан шахсий суҳбатларда у ўз хатти-ҳаракатлари натижасида бир неча бемор ҳалок бўлганига иқрор бўлган ва айнан шу суҳбат ишнинг қайта очилишига сабаб бўлган. 2015 йилнинг февралида унга икки кишининг ўлими учун умрбод қамоқ жазоси белгиланган. 

2016 йилнинг июнида Нильс Х. камида 33 кишининг ўлимига алоқадорликда айбланаётгани маълум бўлди. 2017 йилнинг 28 августида бу рақамлар 84 кишигача оширилди, энди эса унинг хатти-ҳаракатлари натижасида ҳаётдан кўз юмганлар сони 97 нафарни ташкил қилмоқда. 

Top