20:44 / 22.01.2018
8586

Самарқандда аҳлоқ тузатиш ишларидан бўйин товлаган судланувчининг жазоси оғирроғига алмаштирилди

Самарқанд вилояти ИИБда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси масъул ходимлари иштирокида вилоят идоралараро комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди.

Фото: KUN.UZ

Йиғилишда Вазирлар Маҳкамасининг «Фуқаролар ва жамоат ташкилотларини ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки учун рағбатлантириш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори, шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича вилоят идоралараро комиссиясининг 2017 йил фаолияти, эришилган натижалар, йўл қўйилган камчиликлар танқидий руҳда муҳокама этилди.

Йиғилишда 2018 йилнинг биринчи ярим йиллиги учун иш режасини ишлаб чиқишда идора ва ташкилотлардан таклифлар олиниб, уни тасдиқлаш муҳокамага киритилди.

Вилоят ҳудудида ўтказиб келинаётган «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни» тадбирлари давомида эса турли ҳуқуқбузарликлар аниқланиб, уларга нисбатан қонуний чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, Самарқанд тумани жазони ижро этиш инспекцияси ҳисобида турган, муқаддам ЖК 169-моддаси 2-қисми «г» банди билан судланиб, 2 йил муддатга аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган маҳкум И.А. суд томонидан тайинланган жазони ўташдан бўйин товлаганлиги сабабли, Самарқанд туманида ўтказилган сайёр суд мажлисида унинг ўталмай қолган 1 йил 9 ой 12 кун муддатга аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси худди шу муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилди.

Бундан ташқари, тадбир давомида муқаддам 2009 йил ЖКнинг 273-моддаси 5-қисми билан жиноий жавобгарликка тортилган фуқаро Ф.К., 2013 йил ЖКнинг 135-моддаси билан судланган Д.Қ. жазони ижро этиш муассасаларидан озодликга чиққач, ўзи учун ижобий хулоса чиқармасдан, жамоатчилик орасида юриш-туриш қоидаларини бузганлари учун ЖИБ Самарқанд туман судининг қарорлари билан бу шахсларга нисбатан 6 ойдан маъмурий назорат ўрнатилди.

Ўз мухбиримиз.

Top