21:50 / 23.01.2018
7203

Қозоғистон янги йўловчи самолётлар харид қилмоқчи

Қозоғистон бир қатор ҳудудий аэродромларни таъмирлашни ва янги самолётлар харид қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 23 январда Қозоғистоннинг инвестициялар ва ривожланиш вазири Женис Қасимбек ҳукумат йиғилишида маълум қилган. 

“Маҳаллий ҳаво йўллари аэродромларини ривожлантириш учун қаттиқ қопламали 5 та аэродром ва тупроқ қопламали 11 та аэродром қуриш ва реконструкция қилиш кўзда тутилган. Лойиҳаларни республика бюджети ҳисобига молиялаштириш назарда тутилган. Маҳаллий ҳаво йўлларида парвозларни тиклаш учун ҳудудий синфдаги кўплаб самолётлар талаб этилади”, деб айтган вазир.   

Дастлабки таҳлилларга кўра, бундай самолётларга эҳтиёж 2018-2021 йилларда 20тагачани ташкил қилиши мумкин. Айни вақтда ҳудудий синфдаги самолётларни харид қилиш бўйича “Жетису” авиакомпанияси билан музокаралар олиб борилмоқда.  

Таъкидланишича, 20 тагача ўриндиққа эга, иккита двигателли ҳамда санитар-йўловчи ва транспорт самолётига осонгина айлантирилиши мумкин бўлган самолётларни харид қилиш мўлжалланган. Бундай самолётнинг ўртача нархи 2,2 млрд тангани ташкил қилади.   

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, кичик авиация лойиҳаларини молиялаштириш учун 23 млрд тангадан кўпроқ маблағ талаб этилади.

 

Top