16:32 / 24.01.2018
5038

БМТ вакили Ўзбекистон ИИВга ташриф буюрди

Фото: ИИВ

БМТнинг Гиёҳвандлик воситалари ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси раҳбари Ашита Миттал Ўзбекистон Республикаси ИИВга ташриф буюрди.

Тадбир давомида томонлар гиёҳвандлик воситалари контрабандаси ва трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини, жумладан, маҳкумларнинг ва маҳбусларнинг ҳуқуқларини таъминлаш каби бир қатор масалаларни муҳокама қилишди, деб хабар бермоқда ИИВ матбуот хизмати.

Музокара иштирокчилари асосий эътиборни мамлакат ва БМТнинг Гиёҳвандлик воситалари ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича Амалий тадбирлар режаси («Йўл харитаси»)ни амалга оширишга қаратишди. БМТнинг Гиёҳвандлик воситалари ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси ИИВ йигирма йил давомида гиёҳвандлик воситалари контрабандаси, трансмиллий уюшган жиноятчилик, одам савдоси, халқаро терроризм ва экстремизмга қарши курашиш масалаларида самарали ҳамкорлик қилиб келаётгани қайд этилди.

А. Миттал ўтган 2017 йилни гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний савдосига қарши курашиш борасида самарали йил деб аташ мумкинлигини, ушбу соҳадаги ҳамкорликни жорий йилда ҳам давом эттириш зарурлигини таъкидлаб ўтди. 

Бундан ташқари, ИИВ ва БМТ тузилмалари ўртасидаги «Йўл харитаси»ни амалга ошириш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш сифатини ошириш бўйича жиноий, жиноий-процессуал ва жиноий-ижро этиш тизими соҳасида қонунчиликни такомиллаштириш масалалари борасида келажакдаги ҳамкорликнинг аниқ йўллари бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди.

А. Миттал, шунингдек, ички ишлар органлари, хусусан жазони ижро этиш муассасалари ходимлари одил жиноий судлов, жиноятчилик ва коррупциянинг олдини олиш соҳасида халқаро тажрибадан самарали фойдаланишлари учун жорий йилда бу йўналишда улар билан ўқув машғулотлари, семинар-тренинглар ўтказишни таклиф этди.

Ташриф чоғида бошқа долзарб масалалар ҳам муҳокама этилиб, ҳамкорлик истиқболлари белгилаб олинди. 

Top