10:06 / 08.02.2018
17650

Марказий банк қайта молиялаш ставкасини йиллик 14 фоиз даражасида қолдирди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Марказий Банк расмий сайтида Пул-кредит сиёсати соҳасида 2017 йилнинг IV чорагида амалга оширилган ишлар якунлари эълон қилинди.

Жумладан ўтган йилнинг сўнгги чорагида қатъий пул-кредит сиёсатининг давом эттирилиши ва монетар омилларнинг нархлар ўсишига таъсирини камайтиришга қаратилган чора-тадбирларга қарамай иқтисодиётда юқори инфляцион босим сақланиб қолгани қайд этилди.

Ҳисоботда Марказий Банк олдида турган 2018 йилдаги вазифалар ҳам санаб ўтилган.

2018 йилнинг январь ойида Марказий банк томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўтказилган сўровнома натижалари иқтисодиётда маълум даражадаги инфляцион кутилмаларнинг сақланиб қолаётганидан далолат беради.

Ушбу шароитларда 2018 йилда монетар омилларнинг инфляцияга таъсирини камайтириш орқали нархлар барқарорлигини таъминлашга қаратилган қатъий пул кредит сиёсати давом эттирилади.

Юзага келган янги воқеликда нархлар ўсишини олдини олиш вазифаси номонетар омиллар асосида юзага келаётган хатарларни олдини олишга жиддий эътибор қаратишни талаб этади.

Давлат бюджети харажатлари ва даромадларининг банк тизимидаги ликвидликка ва пул массасига таъсир кўламининг кенглиги туфайли пул-кредит сиёсатининг самарадорлиги кўп жиҳатдан унинг солиқ-бюджет сиёсати билан мутаносиб равишда олиб борилишига боғлиқ бўлиб қолади.

Бунда, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармалар ҳисобварақларида ўтган даврлар мобайнида йиғилган маблағларни сарфлаш натижасидаги хатарлар сақланиб қолмоқда.

Шунингдек, нархлар ва ташқи савдо шартларини эркинлаштирилиши шароитларига ички нархларнинг мослашиб бориши иқтисодиётда инфляцион босимни юзага келтиришда давом этади.

Шу билан бирга, иқтисодиётга йўналтирилаётган инвестициялар ва қурилиш ҳажмларининг қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш имкониятларидан сезиларли даражада юқорилиги уларнинг нархларига бевосита, шунингдек инвестицион харажатлар ортиши натижасида ушбу маҳсулотлар таннархининг қимматлаши орқали билвосита таъсир кўрсатиши мумкин.

Монетар ва номонетар омилларнинг нархлар барқарорлигига жорий ва кутилаётган таъсирини инобатга олиб, Марказий банкнинг фоиз сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда кредитлаш ҳажмларининг пул массаси ва иқтисодиётда ялпи талабни ошишига таъсирини камайтириш ҳамда аҳолининг банклардаги миллий валютадаги жамғармаларининг ижобий ўсиш динамикасини сақлаб қолиш вазифаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Бунда, пул массаси динамикасида давлат харажатлари ҳамда ташқи омиллар таъсирининг юқорилиги шароитларида қайта молиялаш ставкасининг янада оширилиши кутилган натижалар бермаслиги ва иқтисодиётнинг реал секторидаги фаоллик ва инвестицион жараёнларни сусайишига олиб келиши мумкин.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви томонидан қайта молиялаш ставкасини йиллик 14 фоиз даражасида ўзгартирмасдан қолдириш бўйича қарор қабул қилинди.

Шу билан бирга, банк тизимида ликвидлик ҳажми ошишининг давом этиши ва ортиқча ликвидликнинг вужудга келиши натижасида монетар омиллар таъсирида инфляцион хатарларнинг кучайиши ҳолатлари юзага келганда Марказий банк пул-кредит сиёсатини янада қатъийлаштириш, шу жумладан тижорат банклари томонидан мажбурий захиралаш тартибига ўзгартириш киритиш бўйича тегишли чоралар кўради.

 

Top