14:12 / 09.02.2018
7103

Apple Watch ақлли соатларининг нейротармоғи диабетни 85 фоизга тўғри ташхисламоқда

Фото: Engadget

Сан-Францискодаги Калифорния университетида ўтказилган янги тадқиқот Cardiogram стартапи томонидан ишлаб чиқилган нейротармоқ диабетни 85 фоизга тўғри ташхислаш имконини беришини кўрсатди. Ундан фойдаланиш учун тиббий асбоб-ускуналарга ҳожат йўқ — Apple Watch ақлли соатлари бўлса бўлгани. Engadget шу ҳақида хабар берди. 

Манбада хабар берилишича, сунъий интеллект касаллик белгиларини аниқлаш учун инсоннинг юрак уришига доир маълумотлардан фойдаланади. Cardiogram нейротармоқни ишлаб чиқиш ва синовдан ўтказишда 14 мингдан зиёд кишининг маълумотларини таҳлил қилди. Шундан сўнг қўл ва автоматик фазаларни ўзида уйғунлаштирган мураккаб ўрганиш жараёни кечди. Натижада сунъий интеллект диабетни аниқлаш бўйича жуда юқори натижаларга эришишга муваффақ бўлди. 

Бундан ташқари, нейротармоқ холестериннинг юқори даражаси, гипертония ва уйқудаги апноэ каби соғлиқ билан боғлиқ бошқа муаммоларни ҳам аниқлай олади. 

Нейротармоқ юрак уришини ҳисобловчи датчикка эга ҳар қандай олиб юрилувчи қурилмага интеграция қилиниши  мумкин, масалан, Apple Watch ёки фитнес-трекерларга. Cardiogram келгусида бундай гаджетларнинг янги моделларида глюкоза ва қон босими датчиклари пайдо бўлишига умид қилмоқда. 

Top