23:19 / 09.02.2018
21360

Тожикистонда милиция генерали ўз ишини сақлаб қолиш учун 15 килограммга озди

Фото: dialog.tj

Тожикистонда милиция генерал-майори Сухроб Раҳмонзода ўз ишидан маҳрум бўлмаслик учун 15 кг.га озишига тўғри келди. Бу ҳақда ТожикТА хабар бермоқда.  

Таъкидланишича, юқори лавозимдаги милиция ходимининг ортиқча вазн билан қатъий курашишига милициядан тўлача ходимларни бўшатиш ҳақидаги буйруқнинг кучга киргани туртки берган.

Аввал шу сабабли ишдан бўшатилган милиция ходимларига ўз вазнларини меъёрга келтириш учун муддат берилган. Агар улар буни уддалай олсалар, лавозимларида тикланишлари айтилган. 

2017 йилда Тожикистон ички ишлар вазирлигининг 20 ходими ортиқча вазн сабабли ишдан бўшатилган. Улар ўзларини яхши жисмоний кўринишда сақлашлари кераклигидан бир неча марта огоҳлантирилганлар.    

2016 йил декабрда Тожикистон ички ишлар вазири ортиқча вазн сабабли бўшатилиши мумкин бўлган ходимларга ортиқча килограммларни ташлаш учун бир ойлик муддат берилиши ҳақидаги буйруқни қабул қилган. 

Буйруққа кўра, милиция ходимларининг бўй ва вазн нисбати халқаро меъёрларга тўғри келиши лозим: мисол учун, агар милиция ходимининг бўйи 168-170 см бўлса, унда унинг вазни 75 кг дан ошмаслиги лозим.

Top