21:08 / 12.02.2018
5701

АҚШ Мисрга террорчиликка қарши кураш учун миллиард доллар ажратди

Фото: Exxonmobil

Вашингтон Қоҳирага террорчилик билан курашишга миллиард доллар ажратди. Бу ҳақда 12 февралда Миср ташқи ишлар вазири Сомиҳ Шукрий билан биргаликдаги матбуот анжуманда АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон маълум қилди. 

“Вашингтон Қоҳирага Мисрнинг террорчиликка қарши курашида ҳарбий салоҳиятини ошириш учун миллиард доллар ажратди. Биз Мисрнинг террорга қарши урушида у томондамиз ва террорчиликка қарши курашда яқин ҳамкорликни давом эттирамиз”, деб айтган Тиллерсон. 

АҚШнинг Мисрга ҳар йиллик ҳарбий ёрдами 1,3 млрд долларга яқинни ташкил қилади. Охирги 30 йилнинг ўзида Вашингтон Қоҳирага  ҳарбий-иқтисодий ёрдам доирасида умумий миқдорда 80 млрд доллар ажратган. Бироқ АҚШда ўтган йил августида Мисрда инсон ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйилиши сабабли ёрдам 195 млн долларга қисқартирилмоқчилиги маълум қилинган.  

Ўшанда АҚШ давлат департаменти Қоҳира инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида тараққиётни намойиш қилиши, жумладан ноҳукумат ташкилотлари фаолиятини чекловчи қонунни бекор қилиши кераклиги айтилган. Шукрийнинг таъкидлашича, инсон ҳуқуқлари борасидаги масала Қоҳирадаги учрашувда муҳокама қилинди.  

Матбуот анжуманда Қоҳира ва Вашингтон “икки плюс икки” форматида икки томонлама ҳамкорлик механизмини яратишга келишиб олгани маълум қилинган. Бу ҳамкорлик икки давлатнинг ташқи ишлар ва мудофаа вазирларининг мунтазам маслаҳатлашувларидан иборат бўлади. Шукрийнинг тааъкидлашича, бундай форматдаги стратегик маслаҳатлашувларнинг биринчи раунди жорий йилнинг иккинчи ярмида бўлиб ўтиши мумкин.  

Top