23:55 / 15.02.2018
12492

ОАВ: Суд Трампнинг фармонини мусулмонларнинг ҳуқуқларини чеклагани учун конституцияга зид деб топди

Фото: AP

Виржиния штати Америка апелляция суди мамлакат президенти Дональд Трамп томонидан имзоланган 6 мусулмон давлат фуқаролари АҚШга киришини тақиқлаш назарда тутилган миграция фармонини мусулмонлар ҳуқуқларини камситиш ва Америка конституциясига зид деб топди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар тарқатди.

«Президент Трампнинг ва бошқа расмийларнинг баёнотларини, шунингдек, ҳужжатнинг ўзини (иммиграция фармони - таҳр) ўрганиб, биз шундай хулосага келдикки, бу декларация ислом динига душманлик кайфиятини ўзига сингдирган ва шу туфайли конституцияга ҳам зид келади», дейилган судья Рожер Грегорининг қарорида.

Ўтган йилнинг январида президентлик лавозимига киришгач, Трамп 7та мусулмон давлати фуқароларининг (Эрон, Ироқ, Яман, Ливия, Сурия, Сомали ва Судан) 90 кун мобайнида АҚШ ҳудудида бўлишини тақиқловчи фармонини имзолади. Кейинроқ Ироқ ушбу рўйхатдан ўчирилди. АҚШдаги бир қанча федерал судлар ушбу фармон ижросини тўхтатиб қўйди. Июнь ойида эса АҚШ Олий суди ушбу фармоннинг амалиётини қисман тиклади.

Ўтган йилнинг сентябрида Трамп янги фармонини имзолади. Унга кўра чеклов остидаги давлатлар рўйхати ўзгарган, аввалги рўйхатга Венесуэла, Чад, КХДР қўшилган, рўйхатдан Судан ўчирилганди. Бу ҳужжат кучга киришига бир кун қолганида Гонолулу суди томонидан блокланди.

Ўтган йил ноябрида Сан-Францискодаги Тўққизинчи округ суди (Калифорния штати) фармон қисман кучга киришини маъқуллади. Суд Америка ҳукумати 6 мусулмон давлат (Эрон, Яман, Ливия, Сурия, Сомали ва Чад) фуқаролари агар АҚШда қариндошлари бўлмаса, Қўшма штатлар ҳудудига киришини тақиқлади. Декабрь ойида эса Олий суд ушбу фармоннинг амалга киришини тиклади, аммо бу масаладаги муҳокамалар давом этмоқда.

Top