21:00 / 01.03.2018
25125

Ўқ-дори ва тилла тангаларни яширинча олиб ўтишга уринганлар фош этилди

Фото: “Тошкент-Аэро” ИБК ахборот хизмати

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида навбатдаги божхона қоидабузарликлари фош қилинди. Бу гал қонунбузарлар ўқ-дори ва тилла тангаларни божхона назоратидан яширинча олиб ўтишга уринишди, деб хабар бермоқда “Тошкент-Аэро” ИБК ахборот хизмати.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 246-моддасига биноан контрабанда, яъни божхона назоратини четлаб ёки божхона назоратидан яшириб, декларациясиз ўқ-дориларни Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан ўтказиш учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Шундай экан, республикага ташриф буюраётган хорижий шахслар ҳам миллий қонунчилигимизда назар тутилган ушбу нормаларга қатъий риоя этишлари талаб этилади.

Аммо, “Москва-Тошкент” рейси бўйича парвозини якунлаган Россия Федерацияси фуқароси Б.М.нинг бундай йўл тутмагани ўзи учун қимматга тушди.

Божхонадан яшил йўлак орқали бамайлихотир кириб келган бу аёл аслида ўзига тегишли багажида 1 дона жанговар ҳолатдаги 7,62 мм. калибрли патрон ва худди шу патрон учун мўлжалланган 1 дона ўқни яширинча олиб кирмоқчи бўлган экан.

Фото: “Тошкент-Аэро” ИБК ахборот хизмати

Патрон ва ўқни шунчаки сувенир ёки омад келтирувчи тумор сифатида ёнида олиб юришини маълум қилган Б.М. бу нарсалар унга омад эмас, ташвиш келтирганини энди тушуниб етган бўлса, ажаб эмас.

Шунингдек, “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси “Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти” чегара-божхона пости ходимлари тилла тангаларни республикамиздан олиб чиқишга бўлган уринишни ҳам бартараф этишди.

“Тошкент-Москва” рейси бўйича парвозга отланган фуқаро Н.Ф. божхонадан қизил йўлак орқали ўтар экан, божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида ҳам, йўловчи божхона декларациясида ҳам ёнида олиб чиқиш тақиқланган товарлар йўқлигини маълум қилган.

Аммо, унга тегишли багажнинг назорат-рентген аппаратидаги шубҳали тасвирлари буни тасдиқламади. Шундан сўнг, багаж холислар иштирокида очиб кўрилганда, ушбу шахс нонлар орасига бекитганча 2 дона умумий оғирлиги 8.6 гр. бўлган тилла тангаларни божхона назоратидан яширинча олиб чиқмоқчи бўлганлиги фош бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги қошидаги Бадиий экспертиза бошқармаси хулосасига кўра, ушбу тангалар XIX асрнинг охирларида Чор Россиясида зарб қилинган тангларнинг асли эмас, балки нусхаси бўлиб чиқди. Шунга қарамай, тангалар характеристикасида нумизматика предметлари бўлганлиги сабабли уларни олиб чиқишдан аввал Бадиий экспертизага тақдим этиш лозим эди. Мазкур тангаларнинг тахминий баҳоси 3 млн 220 минг сўмга баҳоланган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Top