22:45 / 09.03.2018
11036

Наманганда барча тез тиббий ёрдам машиналари GPS тизимига уланди

Наманган вилоятида тез тиббий ёрдам хизматига йўналтирилган барча автомашиналарга GPS тизими ўрнатилди ва уни бошқарув марказига улаш ишлари якунланди. Бу ҳақда Namangan Today хабар бермоқда.

Фото: ЎзА

Лойиҳа BePro дастурлаш маркази қошидаги ҳаракатланувчи объектлар мониторингини олиб бориш UzGPS ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳузуридаги инновацион технологияларни жорий этиш бўлими томонидан амалга оширилди. Ғояни амалга ошириш учун маҳаллий бюджетдан 100 миллион сўмдан ошиқ маблағ йўналтирилди.

UzGPS – миллий ахборот тизимининг асосий вазифаси – транспорт воситалари ва ходимлар устидан тўлиқ назорат (мониторинг) қилиш орқали ташкилотнинг автотранспорт ҳўжалигига ажратилган маблағлар ҳаражатларини камайтириш ва унинг умумий самарадорлигини оширишга ёрдам беради.

Энди вилоятдаги шаҳар ва қишлоқларда ташкил этилган тез тиббий хизмат станциялари ва шоҳобчаларига бириктирилган автомашиналари қаерда ҳаракатланаётганлиги ҳақидаги маълумотлар, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали диспетчерлик маркази, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси компютер маркази ва автокорхона раҳбарияти компютерида 24 соат кўриниб туради.

— Янгиликнинг аҳамияти беқиёс. Биринчидан, чақирувлар ҳақидаги маълумотлар мурожаат қилган бемор хонадонига энг яқин турган тез тиббий ёрдам бригадасига етказилади. Натижада саноқли дақиқалардаёқ шифокорлар шошилинч тиббий хизматга эҳтиёж сезаётган инсон ҳузурига етиб боради ва заруриятга қараб тезкор муолажаларни ўтказади. Иккинчидан, олис масофадан йўлга чиқиши мумкин бўлган машинанинг ёнилғиси иқтисод қилинади. Қолаверса, кун бўйи хизматда бўлган автомобиль қанча йўл босганлиги ҳисоботи аниқ шакллантирилади, — дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов.

Маълумот учун, ўтган йили Наманганда соҳа учун 94 янги автомашина олинди. Айни пайтда вилоятда 178 та тез тиббий ёрдам бригадаси фаолият кўрсатмоқда.

Top