12:02 / 12.03.2018
24690

Тошкентга бир кунда неча минг автомашина кириб-чиқиши маълум қилинди

Тез орада Тошкент шаҳрида автомобилларини йўлларнинг рухсат этилмаган қисмида қолдириб кетган ҳайдовчиларга улар бўлмаган ҳолатда ҳам жарима ёзиш мумкин бўлади. ШИИББ бошлиғи Р.Жўраев 10 март куни бўлиб ўтган очиқ мулоқотда шу ҳақда маълум қилди. 

ШИИББ бошлиғи Р.Жўраев. Фото: KUN.UZ

“Сўнгги 10 йилда хусусий автомобиллар сони 125 мингга ошди ва бугунги кунда Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтказилган автомобиллар сони 434 мингдан ортиқни ташкил этмоқда. Бунда кунига 300 мингта транспорт воситалари пойтахтга киради ва чиқади. Албатта, шаҳарнинг кўплаб йўллари бундай юкланишга ҳамда ҳаракатланишга мослашмаган. ИИББ Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан бу муаммо юзасида биргаликда ишламоқда. 

Шу боисдан ҳам сўнгги вақтларда шаҳардаги “тўхташ тақиқланган” ва “тўхтаб туриш тақиқланган” каби йўл белгиларига бошқача ёндашмоқдамиз. Охирги 3 ҳафта мобайнида 100дан ортиқ белгиларни олиб ташладик ёки алмаштирдик. Масалан, шаҳар марказида ҳаракатланишга ҳалақит берадиган бўлса, “тўхтаб туриш тақиқланган” йўл белгилари “тўхташ тақиқланган” белгилари билан алмаштирилмоқда. 

Бундан ташқари, тақиқланган жойларда қолдирилган автомашиналар эгаларига, улар бўлмаган ҳолатда ҳам жарима ёзиш механизми ишлаб чиқилмоқда. Автомобилларни эвакуатор билан жарима майдонига олиб кетиш борасида қонунчилик меъёрлари ишлаб чиқилган”, - деди ШИИББ бошлиғи Рустам Жўраев. 

Top