19:27 / 26.03.2018
19480

Мудофаа вазирлиги олий ҳарбий таълим муассасаларига ёшлар сараланмоқда

Фото: Мудофаа вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг буйруғи билан 2018 йилда олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш истагида бўлган ёшларни саралаш бўйича қабул комиссияси ташкил этилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Номзодларни саралаш ишлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 14 январдаги ПҚ-257-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан ҳарбий хизматни ўташ ҳамда Мудофаа вазирлигининг олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартиблари тўғрисидаги низомларга асосан олиб борилади.

Олий ҳарбий таълим муассасаларига тингловчиларни саралаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

Ҳарбий-профессионал йўналиш;
Дастлабки танлаш;
Ҳарбий-профессионал танлаш;
Тест синовларини назарда тутувчи комплекс босқичма-босқич танлаш.

Фото: Мудофаа вазирлиги
Фото: Мудофаа вазирлиги

Дастлаб кичик комиссия таркиби томонидан номзодларнинг индивидуал-психологик сифатлари ўрганилиб, уларнинг жисмоний тайёргарлиги синовдан ўтказилади. Саралаш ишлари вилоятлардаги мудофаа ишлари бошқармаларида     1 апрелдан 20 майга қадар ўтказилади. Номзодларнинг ҳужжатлари ўрганилиб, жадвалга мувофиқ якуний тиббий гувоҳлантириш, компьютер техникаси ва ахборот-коммуникация технологиялари бўйича билими, ёзма иши (диктант) текширилади.

Фото: Мудофаа вазирлиги
Фото: Мудофаа вазирлиги

Номзодлар 1 июндан 25 июнга қадар икки босқичда якуний тиббий кўрикдан ўтказилади. Биринчи босқич 2017 йилгача таҳсил олган ҳамда шу йилнинг ўзида касб-ҳунар коллежларини тамомлаган ёшларни 15 июнга қадар, иккинчи босқичда эса 2018 йил битирувчиларини 25 июнгача чақириш ишлари якунланиши кўзда тутилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан белгиланган тест синовларини ўтказилиши ҳамда номзодларни олий ҳарбий таълим муассасаларга қабул қилиш ва уларни мутахассислиги бўйича тақсимлаш каби тадбирлар белгиланган.

2018 йилда номзодлар Мудофаа вазирлигининг қуйидаги олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинади:

1. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси умумқўшин факультети;
2. Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти;
3. Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти;
4. Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети махсус факультети;
5. Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги ҳарбий тиббиёт факультети.

Фото: Мудофаа вазирлиги

Олий ҳарбий таълим муассасаларига қабул қилиш танлов, тенг ҳуқуқлилик ва қабул қилишнинг ягона қоидалари асосида амалга оширилади.

Номзодлар уч тилдан — ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларидан бирини шахсан танлаган ҳолда тест синовлари топширадилар.

Top