13:10 / 31.03.2018
9698

Қўл жанги бўйича мавсум бошланмоқда

Фото: Қўл жанги федерацияси

Жорий йилнинг 5-8 апрель кунлари Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида 10-11,12-13 ёшли уғил болалар ва 14-15 ёшдаги қизлар ўртасида қўл жанги бўйича Ўзбекистон чемпионати баҳслари бўлиб ўтади. Бу ҳақда қўл жанги федерацияси KUN.UZ‘га маълум қилган.

Манбага кўра, айнан мана шу турнир натижаларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси таркиби шакллантириб олинади. Унда Тошкент шаҳри ҳамда барча вилоятлардан 700га яқин спортчи иштирок этиши кутилмоқда. Мазкур мусобақа доирасида 18 ёшдан катталар ўртасида 60 ҳамда 80 кг вазн тоифасида професионал  жанглар ҳам ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Руминиянинг Бухарест шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида кичик ёшдаги қўл жанги усталари 15 та олтин медални қўлга киритган ҳолда умумжамоа бўйича биринчи ўринни эгаллашган эди.

Ўтган мавсумни муваффақиятли якунлаган спортчилар жорий йилда ҳам, хусусан 13-17 май кунлари Россиянинг Уфа шаҳрида бўлиб ўтадиган ёшлар ўртасидаги Осиё очиқ чемпионатида ҳам тўлиқ таркиб билан иштирок этишади. Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ушбу мусобакага 10 апрелдан 8 майга қадар Тошкентда  тайергарлик кўради.

Катталар терма жамоаси эса 24-27 май кунлари Беларусь давлатида ўтказиладиган Европа Очиқ чемпионатида иштирок этишни мақсад қилган. Ўзбекистон терма жамоаси мазкур мусобақага тайёргарлик йиғинини 10 апрелдан Пахтакордаги спорт базасида бошлайди.

Маълумот учун, Минскдаги турнир жорий йилнинг октябр ойида Нидерландияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати учун тайёргарлик вазифасини ўтаб беради.

 

Top