11:27 / 05.04.2018
191681

Андижонлик она 3 ёшли ўғлини нега ўлдирганини айтиб берди (видео)

Фото: Видеодан кадр

Шу йилнинг 2 апрель куни Қўқон шаҳрининг Туркистон кўчасида жойлашган бино олдидаги арча дарахтлари тагидан 3 ёшли ўғил боланинг жасади топилди.

Ўтказилган тезкор қидирув-суриштирув ҳаракатлари давомида, болани ўлдирган қотил ўзининг онаси экани маълум бўлди, деб хабар бермоқда Даракчи нашри.

Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани, Маъмуробод қишлоғи Намуна кўчаси 18-уйда истиқомат қилувчи Саидахон Тиллаволдиева Муроджон қизи ўзининг ўғли бўлган, 2015 йил 4 ноябрда туғилган Фирдавсбек Иброҳимжоновни бўғиб ўлдирган. Жиноятни яшириш мақсадида, боланинг жасадини арча тагига яшириб қўяди.

Тезкор тадбирлар давомида, 3 апрель куни Саида Тилаволдиева Тошкент шаҳрида қўлга олинган. 

Саидахон Тиллаволдиева турмушидан ажрашиб, ота уйида яшай бошлаган. Жорий йилнинг 23 март куни эса оилавий низо туфайли 3 ёшли ўғли билан ота уйини тарк этиб, вақтинча ишлаш мақсадида Тошкент шаҳрига боради. Лекин фарзанди билан ўзига мос иш топа олмайди. 2 апрель куни у фарзанди Фирдавсни вақтинча қараб туриши учун таниши Ж.Уга қолдириш мақсадида Тошкентдан Учкўприк туманига келади. Таниши Ж.Уни топа олмагач, йўналишли автобусда Қўқон шаҳрига келиб, Қўқон–Тошкент автобекати ҳудудида ўғлини бўғиб ўлдиради ва ишлаш мақсадида яна Тошкент шаҳрига қайтади.

«Севимли» телеканалининг «Замон» информацион дастури ижодкорлари томонидан тайёрланган лавҳада, она ўз қилмишининг сабабларини айтиб берди.

«Болани ташлагани Тошкентдан қайтиб келдим. Учкўприкка ташлагани келсам, опа йўқ экан. Кейин уни машинада Андижонга юбормоқчи эдим, аммо бола унамади. Кейин буни қайга олиб бораман, ишлашим керак, менга жой йўқ, буни қаерда қолдираман, деб ўйладим ва болани ўлдиришга мажбур бўлдим. Қўлимда бўғиб ўлдирдим, шунга мажбур бўлдим. Уйга қайтай десам, аям киритмасди. Дадам қабул қилиши мумкин эди, аммо аям киритмасди, барибир бола кўчада хор бўлиб ўларди. Ўлдирганимдан кейин, бағримга босиб ўтирдим, кечирим сўрадим...» - деди Тиллаволдиева.

Айни пайтда қотил она ҳибсда сақланмоқда. Мазкур жиноят буйича эса тергов ҳаракатлари олиб борилмокда.

Top