03:15 / 06.04.2018
18122

Самарқандда диний экстремизмга оид жиноятлар учун қидирувда бўлган ака-ука оиласи бағрига қайтди

Самарқанд вилоят ИИБ Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси, вилоят ҳокимлиги ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда адашиб диний экстремистик оқимлар таъсирига тушиб, ҳозирда қидирувда бўлган шахсларнинг яширинган манзилларини аниқлаш, уларни террорчилик-қўпорувчилик ҳаракатлар олиб борилаётган Сурия, Ироқ ва Афғонистон каби давлатларга ўтиб, халқаро террорчилик ташкилотлари сафига қўшилиб кетишини олдини олиш ҳамда яшаш манзилларига қайтариш борасида яқин қариндошлари билан олиб борилган кенг кўламли тарғибот ва ташвиқот тадбирлари давомида, бир қатор ижобий натижаларга эришилмоқда, деб хабар беради Kun.uz’га вилоят ИИБ матбуот хизмати.

Диний экстремизм билан боғлиқ жиноятларни содир этганлиги учун бир неча йиллардан бери қидирувда бўлган, Ургут тумани Тошариқ қишлоғида истиқомат қилган ака-ука — Аслиддин ва Хуршид Эргашевлар 26 март куни яшаш манзилларига қайтиб келиб, содир этган қилмишлари учун чин кўнгилдан пушаймон эканликларини билдиришганлигини инобатга олиб, тергов органлари уларга нисбатан қўлланилган «қамоқ» эҳтиёт чорасини ўзгартириб, улар оиласи бағрига қайтарилди.

«Мен укам Хуршид билан биргаликда соф Ислом дини моҳиятини тушунмасдан, адашиб, диний экстремистик оқим ғоялари таъсирига тушиб қолган эдик, — дейди Аслиддин Эргашев. — 2015 йилда бизнинг жиноий фаолиятимиз фош бўлиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жиноят иши очилиб, айрим жиноий шерикларимиз ушланиб, озодликдан маҳрум этилди. Шундан сўнг мен укам Хуршид Эргашев билан бирга тергов ва суддан қочиб, яшириниб юрган эдик. Кейинчалик биз қилган ишларимиз нотўғри эканлигини, содир қилган қилмишимиздан ўзимиз ҳам, оила аъзоларимиз ҳам жабр кўришаётганлигини тушуниб етдик».

«Адашиб диний экстремистик оқимлар таъсирига тушган фуқароларга Президентимиз томонидан имкониятлар яратилаётганлиги, биз каби содир этган қилмишлари учун чин кўнгилдан пушаймон бўлганларни афв этиш борасида кенг кўламдаги амалий ишлар олиб борилаётганлигини эшитиб, укам билан бирга яшаш манзилимизга қайтиб келдик ва содир этган барча жиноий қилмишларимизни тан олиб,  пушаймон эканлигимизни билдирдик», — дея қўшимча қилди А.Эргашев.

Тергов ва суд органлари уларнинг пушаймон эканлигини, тўғри йўлга киришганлигини инобатга олиб, уларга нисбатан қўлланилган «қамоқ» эҳтиёт чорасини ўзгартириб, улар оиласи бағрига қайтишди. Ҳозирги вақтда ўз уйида деҳқончилик билан шуғулланиб келишмоқда.

«Мени эшитаётган мен каби адашиб қолганларга ва уларнинг оила аъзоларига мурожаат қилиб айтаманки, Ватанга қайтингизлар, Ватан ва оиладан бошқа муқаддас, азиз жой йўқ», дейишди ака-ука Эргашевлар.

Уларнинг онаси шундай дейди: «Менинг фарзандларим — Аслиддин ва Хуршид бундан бир неча йил олдин адашиб, диний экстремистик оқим ғоялари таъсирига тушиб, оқим тарафдорлари сафига қўшилишганлиги учун уларга нисбатан қидирув эълон қилинган эди. Президентимиз ташаббуси билан, ҳуқуқни муҳофаза этувчи орган ходимларининг диний экстремистик оқимлар таъсирига адашиб тушиб қолган фуқароларга имкониятлар яратилаётганлиги тўғрисида тушунтириш ва тарғибот ишлари натижасида фарзандларим оиламиз бағрига қайтиб келди. Бундан беҳад хурсандман».

Top