16:06 / 10.05.2018
3781

ШҲТга аъзо мамлакатлар туризм бўйича ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга киришди

Хитойнинг Ухань шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га аъзо мамлакатлар туристик маъмурияти раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари шу ҳақида хабар беришди.

Учрашув ХХР маданият ва туризм вазири ўринбосари Ли Цзиньцзао раислиги остида ўтди. Унда шунингдек Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.А.Абдуҳакимов, Ҳиндистон Республикаси туризм давлат вазири, Электроника ва ахборот технологиялари вазири К.Ж.Альфонс, Қозоғистон Республикаси маданият ва спорт вазири ўринбосари Е.Т.Кожагапанов, Қирғизистон Республикаси маданият ва туризм вазирлиги қошидаги туризм департаменти директори А.К.Жуманкулов, Покистон Ислом Республикасининг ХХРдаги элчихонаси маслаҳатчиси Балох Мумтоз, РФ туризм федерал агентлиги раҳбари ўринбосари Н.В.Королёв, Тожикистон Республикаси ҳукумати қошидаги Туризмни ривожлантириш қўмитаси  раиси Н.А.Абдуғаффорзода ҳамда ШҲТ бош котиби ўринбосари А.А.Носиров иштирок этди.

Фото: Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Учрашув иштирокчилари ШҲТ доирасида туризм бўйича ҳамкорлик йўлида эришилган келишувларни юқори баҳолашди, туризм миллий саноатини ривожлантиришга оид маълумотлар ва ҳамкорликни фаоллаштириш, уни янги йўналишлар ва амалий ишлар билан тўлдиришга  доир фикрлар билан алмашишди.

Фото: Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

ШҲТга аъзо мамлакатларнинг туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга доир дастурини амалга ошириш муҳимлигини инобатга олган ҳолда, делегациялар раҳбарлари ШҲТ котибиятига БМТнинг Жаҳон туристик ташкилоти билан алоқа ўрнатиш масалаларини ишлаб чиқишни тавсия қилишди.

Фото: Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Туризм маъмурияти раҳбарларининг учрашуви ўзаро ишончли ва дўстона муҳитда ўтди. Делегациялар раҳбарлари тадбирни юқори даражада ташкиллаштирган Хитой томонга миннатдорчилик билдиришди. Кейинги учрашув санаси ва жойи ШҲТ котибияти орқали мувофиқлаштирилади.

Top