02:53 / 25.05.2018
16306

Ўзбекистонда йирик китоб байрами старт олди (фото)

Ўзбекистонда китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш борасида катта ишлар бошлаб юборилган. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори муҳим дастур вазифасини ўтамоқда.

24 май куни Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоят  марказларида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги томонидан ташкиллаштирилган “Китобхонлик маданиятини юксалтириш – буюк мақсадларимизга эришишнинг муҳим кафолатидир” шиори остида икки кунлик йирик китоб байрами старт олди. Жумладан, Тошкент шаҳридаги китобхонлик тадбирлари “Сайлгоҳ” кўчасида  ташкил этилди. 

Байрамга Худойберди Тўхтабоев, Анвар Обиджон, Иброҳим Ғофуров, Маҳмуд Тоир, Иқбол Мирзо, Сирожиддин Саййид каби таниқли шоир ва ёзувчилар, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари ҳамда меҳмонлар иштирокидаги мушоиралар, адабий учрашувлар қизғин кайфият улашди.

Унда шунингдек, Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджоннинг «Дўхтир-табиб», Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоевнинг «Тагоб қишлоқ эртаклари» ва Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоирнинг «Янги шеърлар» ва «Европага саёҳат» китобларининг тақдимот маросимлари ўтказилди.

Китобхонлик тадбири давомида меҳмонлар учун кўргазмаларда бевосита иштирок этиш, китоб маҳсулотларини харид қилиш имконияти яратилди.

Эслатиб ўтамиз, китоб байрамлари 25 май куни ҳам давом этади.

Top