Жаҳон | 20:20 / 28.05.2018
7726
2 дақиқада ўқилади

Тожикистонлик олимлар ва талабаларга махсус рухсатсиз хорижга чиқиш тақиқлаб қўйилди

Фото: Sputnik Максим Блинов

Тожикистонлик ўқитувчилар, талабалар, тадқиқотчилар ва олимларга расмий рухсатсиз хорижга ўқиш ёки хизмат сафарига чиқиш тақиқлаб қўйилди.   

Янги қоидаларга кўра, таълим ва фан вазирлиги ходимлари, мактаб директорлари ва олий таълим муассасалари ректорлари хорижга чиқишларини Тожикистоннинг мутасадди идоралари билан мувофиқлаштириб олишлари керак бўлади. Хорижга чиқувчи шахслар 15 кун ичида сафар ҳақида барча тафсилотларни ҳамда ташқи ишлар вазирлигининг ёзма рухсатини тақдим қилишлари керак бўлади. 

“Таълим муассасалари раҳбарлари ўз сафарларини асослашлари ҳамда таълим ва фан вазирлиги раҳбарияти билан халқаро тадбирдаги нутқлари матнини мувофиқлаштиришлари лозим бўлади”, деб айтилган хабарда. 

Таълим соҳаси ходимлари Тожикистонга қайтганларидан кейин таълим ва фан вазирлигига ўз сафарлари ҳақида ёзма ҳисобот тақдим қилишлари зарур.

Ушбу қоидалар ўрта таълим муассасалари ўқувчилари ва ўқитувчилари учун ҳам тааллуқли бўлади. Улар тегишли рухсат олганларидан кейин халқаро олимпиада ва бошқа тадбирларда иштирок этиш учун хорижга чиқа олишади.

Шунингдек, талабалар ва тадқиқотчилар ҳам хорижда ўқишни давом эттиришлари учун маълумот тақдим қилишлари лозим бўлади. Агар улар хорижда бир йилдан кўпроқ қоладиган бўлсалар, таълим муассасасининг илмий кенгаши қарорини олишлари керак бўлади.  

Маълум қилинишича, янги қоидалардан мақсад талабалар, аспирант ва ўқитувчиларнинг хорижга чиқишларини тартибга солишдан иборат.

Мавзуга оид