15:58 / 20.06.2018
3901

Ўзбекистон ва Афғонистон давлат ҳамда хусусий секторлари ўртасидаги мулоқотнинг биринчи раунди қайси вилоятда ўтиши маълум

Афғонистон Ислом Республикаси (АИР) президентининг Марказий Осиё ва МДҲ мамлакатлари бўйича махсус вакили Шокир Каргар бошчилигидаги АИР делегацияси икки мамлакатнинг давлат ва хусусий секторлари ўртасидаги учрашувда иштирок этиш учун Сурхондарё вилоятига ташриф буюради. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати шу ҳақида хабар берди. 

Мулоқотнинг биринчи босқичи 2018 йилнинг 20 июнида бўлиб ўтмоқда. Ўзбекистон томондан Ташқи савдо вазирлиги раҳбари Жамшид Хўжаев, Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов ва Сурхондарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этади.

АИР делегацияси таркибига Афғонистоннинг Ўзбекистон Республикасидаги элчиси Саид Шаҳобиддин Тимурий, идоралар ва ишчи доиралар вакиллари киради.

Афғонистоннинг ишчи доиралари учун Сурхондарё вилоятида савдо, инвестициялар, транзит ва транспорт масалалари бўйича B2G форматидаги алоҳида секцион йиғилишлар ўтказилади. 

Шунингдек B2B форматида кооперацион биржа ҳамда АИР делегацияси ва Сурхондарё вилояти ишбилармонлари иштирок этувчи бизнес-форум ўтказилиши режалаштирилган. Тадбир доирасида минтақанинг фаолияти экспортга йўналтирилган корхоналарига бориш мўлжалланмоқда.

Top