15:09 / 03.07.2018
75126

Гиёҳвандлик сабаб бир кун қолганда тўхтатилган тўй (бўлган воқеа)

Уламолар гиёҳвандлик билан шуғулланиш мутлақ ҳаром этилгани ҳақида фатво беришган. Мўмин-мусулмонлар бу ишдан йироқ, бироқ айрим ҳолатлар учраб турадики, киши кўнглини хира қилади. Яшаб турган ҳаётимизда гиёҳвандлик балоси қанчадан қанча умрларни хароб этаётгани ҳақида турли воқеалар юрадики, бу воқеалардан ўз вақтида хулоса чиқариб, Яратган бизга ато этган неъматларга шукр қиламиз.

Тошкент шаҳридаги “Хўжа Аламбардор” жоме масжиди имом хатиби Раҳимберди Раҳмонов томонидан жума мавъизаларидан бирида ҳикоя қилинган воқеа кишини мулоҳазага чорлайди. У киши шундай ҳикоя қилади:
 

“Мен ўзим имом сифатида гиёҳвандлик ортидан қанчасининг оиласи бузилиб кетганининг гувоҳи бўлганман. Эртага тўй деганда куёвнинг гиёҳвандлигини билиб қолишди. Тўйга айтилган одамларни тўхтатишнинг иложи бўлмади. Ҳофизларга жавоб бериб юборилди. Биз амру-маъруфга бордик. Ўша куни асрдан олдин тўй олди эҳсонда ўтирибмиз. Эртаси куни ош, амру-маъруф. Қанча одам айтилган тўйга, уларни қандай қилиб тўхтатиб бўлади? 

Эртаси куни ҳамма келиб ўтирди. Биз тўйнинг эгасига дедикки: “Сиз тўйхонада турманг, одамлар тўёна беришга ҳаракат қилишади”. Ичкарига олиб кириб қўйдик. Одамлар ҳайрон: кириб ўтиришди ҳамки, тўйнинг эгаси йўқ. Келганларга бу тўй эмас, эҳсон дедик. Фалончи акамизнинг оталари ҳақига эҳсон бўляпти. Шундай дея бўлиши керак бўлган тўйни эҳсонга айлантириб юбордик”.

Бу каби ҳолатларга тушмаслик учун нима қилиш керак? Гиёҳвандлик аталмиш қора занжирнинг ҳар бир халқаси бир-бири билан жуда қаттиқ чамбарчас боғланган. Улар домига тушмаслик учун ёки фарзандлар, авлодлар бу каби иллат қулига айланиб қолмасликлари учун оилада тарбиявий масалалар тарғиботини кучайтириш лозим. Гиёҳвандлик иллатини ҳар доим ёмонлайверсак, унинг мана шундай фожиавий якунланажак қисмати ҳақида гапираверсак, эртага фарзандларимиз қалбида унга нисбатан мустаҳкам нафрат ўрин олади. Бу каби кўчаларга яқинлашмайди.

Top