21:09 / 10.07.2018
20814

Ўзбекистон тарихида илк марта аёл спортчи оғир атлетика бўйича жаҳон чемпиони бўлди

Фото: Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати

Тошкент шаҳри мезбонлик қилаётган оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси иккинчи олтин медалини қўлга киритди. Қизлар ўртасида 63 килограммгача бўлган вазн тоифасида баҳс олиб борган Кумушхон Файзуллаева икки кураш бўйича олтин медални қўлга киритди. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати шу ҳақида хабар берди.

Даст кўтаришда 94 килограмм билан учинчи натижа қайд этган Кумушхон Файзуллаева силтаб кўтариш машқида ўз маҳоратини намойиш қилиб, олтин медалга сазовор бўлди. 

Кумуш ва бронза медаллари Миср ҳамда Тунис терма жамоаси вакилаларига насиб этди. 

Таъкидлаш жоизки, Кумушхон Файзуллаева Ўзбекистон оғир атлетикаси тарихида жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритган илк аёл спортчи бўлди. Бу терма жамоамизнинг мусобақада қўлга киритган иккинчи олтин медали эди. Икки кун муқаддам эркаклар ўтасида Адҳам Эргашев "+62 кг" вазн тоифасида ҳам дунё биринчилигида зафар қучган эди. 

Top