16:40 / 17.07.2018
10625

Фирибгар авиачипта сотувчиси қўлга олинди

Бухоро шаҳар ИИБга Бухоро шаҳридаги “Лочин-экспресс” авиакассаси ходимаси Гулбодом Халикова ариза билан мурожаат қилиб, Мустақиллик кўчаси, 28/1-уй, 8-хонада яшовчи, “Абубакр-Сиддиқ” номли авиакассада ишловчи, 1988 йилда туғилган Гулямов Ибрагим Искандарович унинг ишончига кириб, ундан “Тошкент-Истанбул-Тошкент” йўналишида икки дона жами баҳоси 8.640.240 сўмлик авиачипталарни пулини кейинроқ бериш шарти билан олиб, ушбу чипталарни бошқа шахсларга сотиб, ушбу шахслардан чипта пулларини тўлиқ олган бўлсада, аммо авиачипталарнинг пулларини Г.А.Халиковага бермасдан, ўзининг эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганлигини билдирган.

Ушбу ариза юзасидан олиб борилган суриштирув ишлари давомида Ибрагим Гулямов Гулбодом Халикова сингари кўплаб фуқароларни алдаб, уларга сотилган авиачипталарни рўйхатдан ўтказиш учун юбормасдан, пулларини ўзининг эҳтиёжлари учун сарфлаб юбориб, фирибгарлик жиноятиларини содир қилганлиги аниқланди.

Жумладан, И.Гулямов ўзининг жиноий ҳаракатларини такроран давом эттириб, ўзи ишлаб келаётган “Абубакр-Сиддиқ” номли авиакассага авиачипта сотиб олиш мақсадида келган Бухоро тумани, “Кулонхона” МФЙ, Кулонхона қишлоғида яшовчи, Лазиз Ҳожиевга “Тошкент-Москва-Камчатка” йўналишида бир дона авиачипта расмийлаштириб бериб, ушбу авиачипта учун ундан 3.300.000 сўм пул олган бўлсада, аммо ушбу пулларни авиачипталарни рўйхатдан ўтказиш учун юбормаганлиги аниқланган. 

Бундан ташқари, Бухоро шаҳар, Чорбакр кўчаси, 91-уйда яшовчи Абдулазиз Шокировга “Тошкент-Новосибирск-Владивосток” йўналишида икки дона авиачипта расмийлаштириб бериб, ушбу авиачипта учун ундан жами 6.997.970 сўм пулларни олган бўлсада, аммо ушбу пулларни ҳам авиачипталарни рўйхатдан ўтказиш учун юбормасдан, ўзининг эҳтиёжларига ишлатиб юборгани маълум бўлди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан И.Гулямовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top