22:23 / 26.07.2018
48923

Инсон организми учун беш хатарли хавф ҳақида маълум қилинди

Олимлар аҳолининг саломатлиги ҳолатидан жиддий ташвишдалар, шу боис улар қандай омиллар инсонларнинг тез ўлим топишига сабаб бўлишига доир тадқиқот ўтказишди. "Ортодокс" тиббий портали шу ҳақида хабар берди.

Тадқиқот натижаларига кўра, улар сайёранинг деярли ҳар иккинчи кишисида учратиш мумкин бўлган ҳалокатли зарарли одатлар ҳақида маълум қилишди. Шуниси эътиборга моликки, мазкур рўйхатда спиртли ичимликлар ва гиёҳванд моддалар истеъмоли каби одатий ҳалокатга етакловчи машғулотлар келтирилмаган.

Инсонлар учун энг ҳалокатли одатлар рўйхатидан қуйидагилар ўрин олди:

Ёлғизлик

Психология профессори Жулианна Холт-Лунстаднинг фикрича, ёлғизлик организмга кунига 15 сигарета чекиш каби таъсир кўрсатар экан. Шахсий учрашувлар ўрнини эгаллаб бораётган виртуал мулоқот инсон саломатлигига ижобий таъсир кўрсата олмайди - инсон барибир эътибор етишмаслигидан азият чекади.

Камҳаракат ҳаёт тарзи

Фото:iStockphoto

Камҳаракат ҳаёт тарзи рўйхатнинг иккинчи ўрнидан жой олди - олимлар бу йўғон ичак ҳамда ўпка саратонига сабаб бўлиши мумкин деб ҳисоблашмоқда. Тадқиқотчиларнинг фикрича, одамлар тобора кўпроқ компьютер, руль ва телевизор қаршисида вақт ўтказишмоқда.

Уйқусизлик

Фото: erhvn.mn

Тўйиб ухламаслик инсульт ва инфаркт каби юрак-қон томир касалликларини келтириб чиқариши мумкин. Олимларнинг маълумотларига кўра, АҚШнинг 70 миллион аҳолиси сурункали уйқусизликдан азият чекади. Бундай ҳолат айниқса чекувчилар учун хавфли, бу зарарли одат юрак-қон томир касалликлари хавфини беш бараварга оширади.

Офтобда тобланиш

Офтобда тобланиш хавфли одатлардан яна бири сифатида қайд этилди. Шифокорлар ультрабинафша нурлар тери саратонини келтириб чиқариши мумкин, деб ҳисоблашади. Тобланишнинг салбий таъсири сигареталардан-да зарарли экани таъкидланади.

Нотўғри овқатланиш

Фото: blogoduma.ru

Аҳолининг кичик қатламигина бенуқсон рациони билан мақтана олади. Қанд миқдори юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари гиёҳванд моддалар ва спиртли ичимликлар истеъмолидан-да хавфли бўлиши мумкин.

Мутахассислар юқоридаги кузатувлардан келиб чиқиб, соғлом турмуш тарзига риоя қилишга ва саломатликни сақлаш учун оддий тавсияларга амал қилишга чорлаб қолишди.

Top