20:35 / 04.08.2018
14452

Сайёҳларга ҳужумни ИД ниқоби остида Тожикистон ислом уйғониш партияси аъзолари амалга оширган – Тожикистон бош прокуратураси

Фото: Facebook / Rahmatova Zuly

Тожикистон бош прокуратураси сайтида берилган баёнотга кўра, Данғара туманида хорижлик сайёҳларга ҳужумни аввалдан ишлаб чиқилган режа асосида «Ислом давлати» ниқоби остида «Тожикистон ислом уйғониш партияси» экстремистик-террорчи ташкилоти аъзолари амалга оширишган.

Терговда аниқланишича, терактни хорижда ишлаб чиқилган режа асосида Ислом уйғониш партияси экстремистик-террорчи ташкилоти аъзолари - Панж туманида яшаган Ҳусайн Абдусамадов, Асомидин Мажидов, Зафар Сафаров ва Нурак шаҳрида яшаган Аслиддин ва Жафар Юсуповлар амалга оширишган.

Улар 29 июль куни Данғара туманининг Сафобахш қишлоғида велосипедда кетаётган хорижлик сайёҳлар устига машинада бостириб боришади, сўнгра пичоқ ва болталар билан сайёҳларга оғир тан жароҳатлари етказишади ва қочиб кетишади. Ҳужум оқибатида тўрт нафар хорижлик: икки нафар АҚШ ҳамда Нидерландия ва Швейцария фуқаролари ҳалок бўлган. Яна икки нафар Швейцария фуқароси касалхонага келтирилган.

29 июлдан 30 июлга ўтар кечаси жиноятчиларнинг яширинган жойи аниқланган ва гуруҳ бошлиғи Ҳусайн Абдусамадов қўлга олинган. Гуруҳнинг яна тўрт нафар аъзоси қўлга олиш чоғида қуролли қаршилик кўрсатишгани сабабли йўқ қилинган.

Терговда аниқланишича, жиноий гуруҳ террорчилик ҳаракатини Ислом уйғониш партиясининг фаол аъзоси бўлган Носирхўжа Убайдовнинг буйруғи асосида амалга оширган.

Ушбу жиноий гуруҳнинг «Ислом давлати» террорчилик ташкилотига содиқлиги ҳақида қасам ичаётганлиги тасвирланган  интернетда тарқалган видеолавҳа эса мазкур террорчилик ҳаракатининг асосий буюртмачиси бўлган Ислом уйғониш партиясига нисбатан гумон туғилмаслиги учун уюштирилган.

Тергов жараёнида ушбу гуруҳ билан алоқадорлиги аниқланган яна ўн киши қўлга олинган.

Top