10:32 / 19.09.2018
5588

Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида 169,7 млрд сўмлик камчиликлар аниқланди

Фото: KUN.UZ

Жиззах вилояти давлат солиқ органлари томонидан 2018 йил 1 сентябрга қадар ўтказилган камерал назорат тадбирлари натижасида 29 минг 961 ҳолатда хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида жами 169,7 миллиард сўмлик камчиликлар аниқланди, деб ёзмоқда ЎзА.

Камерал назорат натижасида аниқланган камчиликлар бўйича солиқ тўловчи субъектларга солиқ ва мажбурий тўловлар қўшимча ҳисобланиши кўрсатилган талабномалар берилди. 

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 70-моддасига мувофиқ, камерал назорат, солиқ тўловчи томонидан белгиланган тартибда тақдим этилган молиявий ва солиқ ҳисоботини, шунингдек, солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисида давлат солиқ хизмати органида мавжуд бошқа маълумотларни ўрганиш ҳамда таҳлил этиш асосида солиқ тўловчининг ҳузурига бормаган ҳолда амалга оширилади. 

Бахмал тумани давлат солиқ инспекцияси томонидан жорий йилнинг ўтган даврида камерал назоратдан ўтказилган 80 корхонадан 75 тасида муайян камчилик аниқланди. Камчилик аниқланган корхоналарга нисбатан қўшимча ҳисобланган солиқ ва мажбурий тўловлар суммаси 2 миллиард 390 миллион 800 минг сўмни ташкил қилди. 

Қўшимча ҳисобланган солиқ ва бошқа мажбурий тўловларнинг 1 миллиард 844 миллион сўми туман халқ таълими бўлими ҳисобчилари томонидан ишчи-хизматчиларнинг иш ҳақидан ҳисобланадиган даромад солиғи ҳисоботларини тақдим этишда йўл қўйган хатоликлари оқибатида келиб чиққани маълум бўлди. Ушбу муассасага тўланмаган солиқнинг қолган қисмини тўлаш юзасидан талабнома берилиб, бошқа хатога йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантирилди. 

Бу назоратни бевосита солиқ тўловчи субъектга бориб ҳужжатли амалга ошириш солиқ инспекцияси идорасидан ҳам, халқ таълими бўлимидан ҳам қўшимча куч ва вақт талаб этишдан ташқари жарима ва бошқа жавобгарлик жазо чоралари қўлланишига сабаб бўлиши маълум. Камерал назоратнинг афзаллиги туфайли бу иш осон кечди. 

– Назорат қилувчи органларнинг тадбиркорлик субъектлари молия-хўжалик фаолиятига аралашувини чеклаш тамойилларидан келиб чиқиб, давлат солиқ инспекциялари томонидан камерал назорат усули кенг қўлланилмоқда, – дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси бошлиғи Ҳ.Фозилов. – Камерал назорат хўжалик юритувчи субъектларга хатоларни ўз вақтида тузатиш ҳамда молиявий жарималар қўлланилишининг олдини олишга ёрдам беряпти. Йилнинг ўтган даврида ўтказилган камерал назоратлар натижасида хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 18 минг 165 ҳолат юзасидан 126,3 миллиард сўмлик қайта ҳисоб-китоблар тақдим этилди. 

Солиқ тўловчилар томонидан солиқ қонунчилиги талаблари бузилишига йўл қўймаслик, маъмурий, жиноий ва молиявий жазо чораларининг олдини олишда, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ўз вақтида тўлиқ ҳажмда тушишини таъминлашда камерал назоратнинг аҳамияти ортиб бормоқда. 

Top