00:48 / 14.11.2018
68330

Янги алифбо нега керак? Ректор билан суҳбат

KUN.UZ сайти таҳририяти лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси атрофида кечаётган қизғин муҳокамалар ва баъзи саволларга жавоб олиш мақсадида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов билан суҳбат уюштирди.

Видео: Youtube.com

Видео: Tas-IX

KUN.UZ: Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўзгартириш киритиш, махсус лойиҳа ва Ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилиши учун зарурият бормиди?

Шуҳрат Сирожиддинов: Биринчидан, сўнгги йилларда ўзбек тилининг қўлланишида, ташкилотларда ўзбек тилида иш юритиш масалаларида камчиликлар бор. Бундан ташқари, ахборот технологияларининг ўзбек тилида жорий этиш масалаларида қўшни давлатлардан оқсаб қолаётганимиз рост. Учинчидан эса кўчалардаги эълонлар, пешлавҳалар, кўчаларда кўзга тез ташланувчи ёзувлардаги нуқсонлар лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ўзгартиришни кун тартибига қўйди.

KUN.UZ: Ўтган йиллар давомида, турли тизимлар, турли тузумлар даврида ёзувлар алифбода бир неча ўзгаришлар бўлди. Аҳоли бундай ўзгаришлардан безиб қолиши ҳам мумкин, шу тўғрида қандай фикрдасиз?

Шуҳрат Сирожиддинов: Ўзгаришлардан безиб қолгани рост, чунки шу юз йил давомида бир неча бор алифбо ўзгартирилгани халқнинг саводхонлик даражасига таъсир қилмай қўймайди. Айниқса, мустақиллик йилларида лотин ёзувидаги алифбоси икки марта – дастлаб, 1993 йилда, сўнг икки йил ўтиб яна ўзгартирилди. 23 йил давомида тилдаги нуқсонларни тўлиғича бартараф эта олмаяпмиз.

Бу биринчидан, қонун ижроси таъминланмаганидандир. Бугунги кунда мазкур ҳолат кўчаларда, халқ саводхонлигида, шунингдек, ташкилотларда ҳалигача икки тилда иш олиб борилишида яққол кўзга ташланяпти. Албатта, бу зиёлилар ўртасида норозилик уйғотяпти. Биз бу борада президентнинг виртуал қабулхонасига ёзилган мурожаатларни кўряпмиз, ёшларнинг ижтимоий тармоқлардаги фикрларини ўқияпмиз.

Улар шу чалкашликлар аниқ қачон узил-кесил ҳал бўлишини сўраб, бизга эътироз ҳам билдирмоқда. Биз Ўзбек тили ва адабиёти университети вакиллари бўлганимиз учун ҳам шу каби масалаларнинг назарий ечимини топиш учун масъулмиз.

KUN.UZ: Энди тўғридан-тўғри алифбодаги баъзи ҳарфларни ўзгартиришларга оид ижтимоий тармоқда кечаётган муҳокамаларга ўтсак. Саволлар асосан O‘, G‘, Sh, Ch, икки хил товуш учун қўлланиладиган J ҳарфи, алифбога C ҳарфини киритиш ҳақида бўляпти.

Шуҳрат Сирожиддинов:  22 октябрда ўтган ўзбек тили ва алифбосидаги муаммоларга бағишланган конференцияда биз шу соҳадаги мутахассисларни йиғиб, алифбонинг турли талқинларини муҳокама қилдик. Бугунги кунда алифбодаги ўзгаришлар юзасидан турли йўналишдаги фикрларга эга 3 гуруҳ мавжуд.

Биринчи гуруҳ, мутлақо алифбога тегмаслик тарафдори. Иккинчи гуруҳ эса алифбодаги фақат 4 ҳарфни ўзгартириш билан кифояланишни таклиф этишмоқда. Яъни булар (кўрсатади): O‘, G‘, Sh ва Сh. Улар янги талқиндаги алифбо бўйича таклифларга кўра қуйидагича ўзгартириляпти: Ŏ, Ğ, Ş ва Ç.

Ҳали бу масалада сўнгги қарорга келингани йўқ. Турли платформалар, ижтимоий тармоқларда фикрлар ўрганилмоқда. Масалан, O‘ ҳарфини Ō ёки Ö шаклида ҳам қўллаш таклиф қилиняпти.

Учинчи гуруҳ эса тилимизда 6 унлини 9 унлига алмаштиришни таклиф қилишмоқда. Масалан, «bilan» сўзидаги «i» ҳарфи ва «imon»даги «i» ҳарфи ўртасида фарқ бор, лекин бу ёзувимизда акс этмаган.

«H» ва «X» ҳарфларини битта «H» ҳарфи сифатида қолдириш тарафдорлар бир жиҳатни назардан қочиряпти. Ўзбек тилида атрофдаги туркий тиллардан фарқли равишда форсий ва арабий тилларининг белгилари кўпроқ. «H» ва «X» ҳарфлари фарқланадиган сўзлар бор. Бу ҳарф ўзбек тили табиатига хос бўлгани учун уни сақлаб қолиш тарафдоримиз.

«Ts» («Ц»), «С» ҳарфлари масаласида эса ҳали баҳс охирига етгани йўқ.

Суҳбат давомида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов Собиқ Иттифоқ таркибидан чиққан бошқа мамлакатларнинг лотин ёзувига асосланган алифбодан фойдаланиш борасидаги тажриба, Ҳаракатлар режаси бўйича ўзгартирилажак алифбонинг тарғиботи ва янги ташкил этиладиган Тил инспекцияси ҳақида маълумотлар билан бўлишди.

Top