23:46 / 25.12.2018
12712

«Ўзбекистон ёшлар иттифоқи мукофоти» танлови ғолиблари тақдирланди

Кеча, 24 декабрь куни «Ёшлар ижод саройи»да «Ўзбекистон ёшлар иттифоқи мукофоти» танлови ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими ўтказилди. Унда давлат ва жамоат арбоблари, вазирлик, идора ва муассасаларнинг мутасадди раҳбарлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи етакчилари ва фаол ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Фото: Ўзбекистон ёшлар иттифоқи матбуот хизмати\Рустам Назарматов

Танловда ноябрь ойи давомида вазирлик, идора ва ташкилотлар томонидан давлат ва жамият бошқаруви, иқтисодиёт ва қишлоқ хўжалиги, фан-таълим ва ижтимоий соҳа, санъат, маданият, журналистика ва спорт соҳаларидаги 17 та номинация бўйича 1109 нафар тавсия этилган номзодлар орасидан 49 нафар иқтидорли ёшлар қатнашди.

Мазкур номинациялар бўйича ғолибларни аниқлашда халқ фикрини билиш мақсадида Комиссия томонидан саралаб олинган 49 нафар номзод аҳолининг тўғридан тўғри овоз бериши учун http://ittifoqmukofoti.uz/ сайтига жойлаштирилди.

Фото: Ўзбекистон ёшлар иттифоқи матбуот хизмати\Рустам Назарматов

Овоз бериш босқичи якунидан сўнг Комиссия томонидан номзодларнинг тўплаган овозлари кўриб чиқилди ва ҳар бир номинацияда бир нафардан ғолиблар аниқланди.

Истисно тариқасида «Йилнинг энг яхши ёш олими» номинацияси бўйича талабгор бўлган номзодларнинг эришган ютуқлари даражаси бир хил бўлганлиги учун икки нафар номзод ғолиб деб топилди.

Ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида «Йилнинг энг яхши Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ходими» номинацияси бўйича Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Хоразм вилояти Урганч туман “Камалак” болалар ташкилоти раиси Ҳамро Жуманиёзов, «Йилнинг энг фаол ҳуқуқ тарғиботчиси» номинацияси бўйича Фарғона вилояти Адлия бошқармаси ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва ўрганиш бўлими етакчи маслаҳатчиси Садриддин Эсоналиев, «Йилнинг энг яхши Ўзбекистон ёшлар иттифоқи маҳаллий Кенгаши раиси» номинациясида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Хўжайли туман Кенгаши раиси Халила Халмуратов мукофотга лойиқ деб топилди. Ғолибларни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Алишер Саъдуллаев тақдирлади.

Фото: Ўзбекистон ёшлар иттифоқи матбуот хизмати\Рустам Назарматов

Танловнинг иқтисодиёт ва қишлоқ хўжалиги соҳасида «Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори» номинацияси бўйича «Хоразмлик Раҳимовлар» оилавий корхонаси раҳбари Суҳроббек Раҳимов, «Йилнинг энг яхши ёш фермери» номинацияси бўйича Акмал Оромов, «Йилнинг энг яхши ёш ҳунарманди» номинацияси бўйича Барно Нарзуллаевалар муваффақият қозонди. Мукофотга муносибларни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов ва Ўзбекистон халқ артисти Турғун Азизов тақдирлади.

Ғолиблар ичида жисмоний имконияти чекланган бўлса-да, 5 йилдан буён ҳунармандчилик бўйича самарали фаолият юритаётган жиззахлик Барно Нарзуллаева ҳам бор. Ажойиб иқтидор эгаси “Йилнинг энг яхши ёш ҳунарманди” сифатида эътироф этилди. Ёш ҳунарманд мунчоқлар билан турли сопол буюмларига безак беради. Икки йил давомида “Ҳунармандлар” уюшмасига аъзо бўлиб, янада кенгроқ тажриба оширди. Жорий йилда “Ҳунарманд уюшмаси“ томонидан илк бор ўтказилган “Амалий санъат ёш ҳунармандлар қўлида“ танловининг республика босқичида биринчи ўринга сазовор бўлди.

Фото: Ўзбекистон ёшлар иттифоқи матбуот хизмати\Рустам Назарматов

— Мен ўз ишларимда тарихий обидаларни, юртимиз гўзаллиги ва табиат тароватини акс эттираман. Битта кичик ижодий ишим учун 10-15 кун вақт сарфлайман. Йирик ижодий намуналарим эса бир ойлик вақтни олади. Кўпгина танловларда меҳнатларим юксак қадр топди. Илиқ фикрлар, рағбатлар мени яна ҳам руҳлантиради. Ҳамиша маълум бир чўққини забт этишни кўзлаб яшасак, бизда интилиш, шижоат ва юксалиш бўлади. 2017 йил шу танловни кузатиб ғолибларга ҳавас қилган эдим. Бугун эса ўзим ҳам ғолиблар сафидаман. Менга кўрсатилган эътибордан ниҳоятда мамнунман. Бу ишонч ва рағбатга жавобан “Ёшлар–келажагимиз“ жамғармасидан имтиёзли кредит олиб, имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда ўз фаолиятимни кенгайтирмоқчиман. Ниятим, қўшимча иш ўринлари яратиш орқали юртимиздаги ишсизлар сонини камайтиришга, иқтисодиётимиз тараққиётига ўз ҳиссамни қўшиш, – дейди Барно Нарзуллаева.

Фан-таълим ва ижтимоий соҳада «Йилнинг энг яхши ёш ихтирочиси» номинациясига Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар Кенгаши робототехника тўгараги раҳбари Бунёдбек Зарипов, «Йилнинг энг яхши ёш олими» номинацияси бўйича Тошкент молия институти Илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш бўлими муҳандиси Жасур Умурзоқов, Тошкент Давлат техника университети катта ўқитувчиси Бобуржон Зайниддиновлар, «Йилнинг энг яхши Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилот етакчиси» номинацияси бўйича вазирлик ва идоралардаги етакчилар Кенгаши етакчиси Абдулла Карабаев, Таълим муассасаларидаги бошланғич ташкилот етакчиси Шерзод Норматовлар ва “Йилнинг энг яхши «Камалак» сардори” номинациясига Мадинабону Саиджонова энг муносиблар деб топилди. Уларга мукофотни Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган актриса Гавҳар Зокировалар тантанали топширишди.

Санъат, маданият, журналистика ва спорт соҳасида «Йилнинг энг яхши ёш актёри» номинациясида Ўзбекистон Санъат ва маданият институти талабаси, "Ўзбеккино" Миллий агентлиги актёри Беҳруз Тоҳиров, «Йилнинг энг яхши ёш қўшиқ ижрочиси» номинациясида "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси хонандаси Машҳурбек Раимжонов, «Йилнинг энг яхши ёш ижодкори» номинациясида Ўзбекистон бадиий академияси Андижон вилоятидаги ихтисослаштирилган санъат мактаби интернати ўқувчиси Дилҳавас Қодирова, «Йилнинг энг яхши ёш журналисти» номинацияси бўйича «Ўзбекистон 24 » телеканали мухбири Муслима Аманқулова, «Йилнинг энг яхши ёш спортчиси» номинациясида Ўзбекистон Миллий олимпия терма жамоаси аъзоси Розия Эргашевалар совриндор бўлди. Уларни Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев ва Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизовлар тақдирлади. «Йилнинг энг яхши ёш блогери» номинациясига муносиб номзод бўлмаганлиги сабабли совриндор аниқланмади.

Фото: Ўзбекистон ёшлар иттифоқи матбуот хизмати\Рустам Назарматов

Tанлов ғолиблари энг кам иш ҳақининг 30 баравари миқдоридаги пул мукофоти, статуэтка ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Шаҳноза Нуруллаева.

Top