14:21 / 27.01.2019
28754

Ёшлар Иттифоқи «уюшмаган ёшлар» терминига изоҳ берди

Фото: Халқаро пресс-клуб

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи раисининг биринчи ўринбосари Алишер Саъдуллаев кўпчиликни ўйлантирадиган расмий фойдаланишда бўлган термин – «уюшмаган ёшлар»га изоҳ берди.

Унинг айтишича, терминдан фойдаланишга иккита асос бор. 

«Биринчидан, халқаро тажрибада, хусусан Қирғизистон, Россияда ушбу терминдан фойдаланишни ўргандик. 

Иккинчидан, айрим категорияга мансуб ёшлар мавжуд. Масалан, ўқишга киролмаган, жамоат ишларида фаол бўлмаган, Ёшлар Иттифоқи тўлиқ маълумотга эга бўлмаган ёшлар, ишламайди ё жиноят содир этишга мойиллиги бор ёшларга нисбатан «уюшмаган» сўзи қўлланиши мумкин.

Лекин уюшмаган ё уюшган қатламни қуйи тизимда ажратиб қўйиш учун ўйлаб топилмаган. Ёшларга оид давлат сиёсатида давлат ўзи учун аниқ стратегик режалар белгилаб олиши учун шу сўздан ҳам фойдаланади. 

Ёшлар Иттифоқининг расмий вакили сифатида таъкидлайман, ёшларни уюшган ё уюшмаганга бўлиб қўйишимиз  – улар билан ишлаш давомида шу терминдан фойдаланишга дуч келамиз», – дейди у. 

ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасини бошқараётган Саша Грауманнинг айтишича, у ҳам мана шу жумлани тушунишга қийналади. 

«Менимча, барча ёшларга турли ижтимоий хизматлардан тенг фойдаланиш имкониятини яратиш лозим. Мантиқан ўйлаб қаралса, ёшлар ўртасида ахборотлар ўзаро тез алмашади. Ёшлар иттифоқининг вазифаси ҳам шундан иборат: мана шундай платформани яратиб, ёшлар ўртасида кўприкни қуриш. 

Ёшларнинг, албатта, алоҳида қизиқишлари мавжуд. Турли ташкилот ва идоралар уларни истаклари асосида ўз қамровига олиши мумкин», – дейди у Kun.uz'га берган интервьюсида.

Top