20:39 / 06.02.2019
38362

Қозоғистонда аномал совуқ кузатилмоқда. 40 нафар ўзбекистонлик музлаб қолишига бир бахя қолди

Қозоғистонлик қутқарувчилар «Астана-Петропавловск» автомобиль йўлининг 167 километрида бузилиб қолган йўловчи автобусдан 40 нафар ўзбекистонлик ва икки нафар қозоғистонликни қутқариб қолди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар бўйича қўмитаси маълумот берган.

Автобус «Сариағаш-Екатеринбург» йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган бўлган.

Автобус йўловчилари Когам қишлоғидаги ўрта мактабга исиниш учун олиб келиб жойлаштирилган.

Қайд этилишича, қутқарилганларнинг ҳеч бирига тиббий ёрдам кўрсатиш зарурати туғилмаган. Тан жароҳати олганлар ва қурбонлар йўқ.

Бир неча кундан буён Қозоғистоннинг шимолий ҳудудларида кучли совуқ кузатилмоқда. Шу туфайли, республика аҳамиятига эга «Астана-Петропавловск» автомобил йўли барча турдаги автомобил воситалари учун ёпиб қўйилган. Қозоғистон аҳолисига бу йўналиш бўйича сафарларни кечиктириш тавсия этилган.

Эслатиб ўтамиз, январь ойи охирида ҳам Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари бўлган 54 кишини Туркистон вилоятидан Екатеринбургга олиб ўтаётган транспорт воситаси техник носозлик сабабли жуда совуқ об-ҳаво ҳукмронлик қилаётган Петропавловск чегарасида тўхтаб қолган, патруль полицияси бу автобус йўловчиларини музлаб қолишдан қутқаришганди.

Top