17:48 / 20.02.2019
6003

Польша «Ўзбеккўмир» учун қозонхоналар қуриш таклифини билдирмоқда

Польшанинг «Фамур» ва «Рафако» компаниялари «Ўзбеккўмир» учун қозонхоналар қуриш таклифини билдириб, Ўзбекистон томони билан лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ахборот хизмати хабар бермоқда

Маълум қилинишича,  «Ўзбекистон темир йўллари» АЖда бўлиб ўтган учрашувда хорижий корхоналарнинг ҳозирги фаолияти, техник имкониятлари ва ишлаб чиқараётган маҳсулотлари таништирилган. 

«Йиғилишда «Ўзбеккўмир» АЖ томонидан хорижий компанияларда ишлаб чиқарилган техника ва технологиялардан фойдаланиш бўйича таклифлар билдирилди. Замонавий қозонхоналар барпо этиш масаласи ҳам йиғилганларнинг диққат эътиборида бўлди», – дейилади жамият тарқатган хабарда. 

Маълумот учун, «Фамур» ва «Рафако» компаниялари тоғ-кон ускуналари, электрэнергия ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган техника ва технологиялар, замонавий қозонхоналар лойиҳасини тайёрлаш, шахта йўлларини қуриш ва унда транспорт тизимини жорий этиш билан шуғулланади. Компанияларнинг дунё бўйлаб 20дан ортиқ давлатда ваколатхоналари фаолият кўрсатиб келмоқда.

Top