19:46 / 21.02.2019
14724

«Ечим таклиф этамиз». Ҳикмат Абдураҳмонов дарахтлар кесилиши ва уйлар огоҳлантиришсиз бузилиши ҳақида

Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошидаги Жамоатчилик кенгаши раиси Ҳикмат Абдураҳмонов Kun.uz мухбири билан суҳбатда шаҳарда дарахтларнинг ноқонуний кесилиши ва огоҳлантиришсиз бузилаётган уйлар ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube 

 
Дарахт браконьерлари VS Жамоатчилик кенгаши

Ҳикмат Абдураҳмонов пойтахтнинг турли туманларида дарахтлар кесилиши масаласи тўғрисида шундай дейди: «Биз бу масалаларга тизимли ёндашишга ҳаракат қилмоқдамиз. Ўтган йил ёзида ижтимоий тармоқларда жуда ҳам катта муҳокамалар бўлиб ўтди. Ёз вақтида, об-ҳаво яхши пайтда асосий ободонлаштириш ишлари олиб борилади. Шу сабабдан бўлса керак, кенг муҳокамалар кечди. Тошкент шаҳрининг баъзи туманларида дарахтларнинг ноқонуний кесилиши фактлари тасдиқланди. Бу бўйича биз Тошкент шаҳар ҳокими билан бир неча марта суҳбатлашганмиз.

Хусусан, бу масала юзасидан Тошкент шаҳар ҳокими, Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси ва шаҳар фаолларининг учрашуви бўлиб ўтган. Учрашувлар натижасида тизимда умумий регламент йўқлигини сездик.

Мисол учун, қурилиш ёки ободонлаштириш ишлари сабабли дарахтларни маълум бир шаклга келтириш қоидалари тасдиқланмагани, ободонлаштириш бошқармаси ходимларининг бир-бирини тушунмаслиги, ягона регламент йўқлиги кўзга ташланарди. Бу масалага субъектив ёндашилмоқда. 

Иккинчидан, дарахтларни кесганлик учун белгиланган жарималари миқдори пастлигини аниқладик. Масалан, дарахтларнинг норасмий бозордаги нархи, унинг жаримасидан анча юқорилигини билдик. 

Дарахтларнинг кесилиши бўйича «Mening fikrim» порталида ҳам фикрлар илгари сурилганди. Масала Олий Мажлисга ҳам олиб чиқилди. Менимча, ушбу масала яна кўриб чиқилиши шарт.

Учинчидан, масъул ташкилотлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик муносабатлари ҳам аниқ эмаслигини кўрдик. Яъни, бу Тошкент шаҳар ҳокимияти бўладими, туманлар ҳокимияти бўладими ёки шаҳар экология бошқармаси, биоинспекция хизмати бўладими, бундан ташқари, ободонлаштириш бошқармалари орасида ўзаро тизим аниқ шакллантирилмаган. Бирор муаммо бўлса, қайси бири ҳал қилиши бўйича аниқ регламент ишлаб чиқилмаганига гувоҳ бўлдик.

Ҳар бир дарахт кесилиши эҳтимоли бўлганида уларга зудлик билан бориб, аниқлик киритишга қанча ресурс керак. Агар бунда ҳамшаҳарларимизнинг фаол позицияси бўлмаса, ҳеч қайси жамоатчилик кенгашининг кучи етмайди. Уч миллион киши яшайдиган шаҳарда кундузи ёки кечаси шундай ҳолатлар рўй берса, биз етиб бора олмаслигимиз мумкин.

Дарахтларнинг ноқонуний кесилиши ҳолатларида мурожаат қилиш учун Ички ишлар бошқармасининг ўз рақами бор, бундай ҳолатларда 102 рақами ёки 233−49−46 рақамига қўнғироқ қилиш керак бўлади.

Ундан ташқари, дарахтларни ноқонуний кесишга қарши курашиш мақсадида фаоллар томонидан Telegram’да яратилган «Dendrobot» боти бор. Шунингдек, «Тошкент-2025» стратегиясига экология масалаларини алоҳида йўналиш сифатида киритдик. Бу йўналиш бўйича бошқа мамлакатлар, бошқа шаҳарлар тажрибасини ўрганган ҳолда Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошида Дарахтлар кенгашини тузиш ниятимиз ҳам бор.

Ўйлайманки, 2019 йил охиригача дарахтлар масаласида тизимли ечим таклиф этамиз».

Огоҳлантиришсиз бузилаётган уйлар ҳақида

Ҳикмат Абдураҳмонов пойтахтда огоҳлантиришсиз бузилаётган уйлар ва англашмовчиликларга ечим сифатида ўз фикрлари билан бўлишади.

«Мен бир неча ой олдин Москва шаҳрида бўлгандим. Делегация билан биргаликда Москва мэрияси раҳбарияти билан учрашдик. Айни шу масаладаги саволни уларга ҳам бердик. Сингапурда ҳам шу масалага мурожаат қилдик.

Москва мисолида гапирадиган бўлсак, у ерда ҳам жадал қурилиш ишлари кетмоқда. Ўтган йилнинг ўзида 8,5 мингта кўпқаватли уй реновация дастурига кирган. Москва шаҳрида яқин 5 йил ичида 25 млн. кв. м. майдонга янги тураржойлар қурилишини айтишди.

Дастурга киритилган уйларнинг рўйхати тузилиб, шаффофликни таъминлаш мақсадида интернетда эълон қилишар экан. Москвадаги «Фаол фуқаро» («Активный гражданин») дастури орқали шаҳарликлар ўзларининг уйлари шу дастурга кириш-кирмаслиги масаласини овоз бериш орқали тасдиқлашаркан. Овоз берувчиларнинг 2/3 қисми ижобий овоз берса, уй реновация қилинаркан. Юридик нуқтаи назардан шундай тажрибалар мавжуд. Менимча, бу тажрибани биз Тошкент шаҳрида ҳам синаб кўришимиз, татбиқ қилишимиз керак.

Фуқаролар ҳам хурсанд бўлади, пойтахт республикамиздаги бошқа шаҳарларга ҳам намуна бўлиши зарур. Шаҳримизда ҳам қурилиш дастурига кирган уйлар рўйхати эълон қилиниши, фуқаролар ва ҳокимиятнинг ўзаро музокараларга киришиши масалаларга ечимлар топилишига туртки бўларди. Жамоатчилик кенгаши бунда ўзини платформа сифатида таклиф этади».

Маълумот учун, Ҳикмат Абдураҳмоновнинг фаолияти билан унинг Telegram-каналида танишиб боришингиз мумкин.

Top