17:04 / 22.02.2019
6947

Россия футбол иттифоқига янги президент сайланди

Бугун, 22 февраль куни Москвада Россия футбол иттифоқининг навбатдан ташқари конференцияси бўлиб ўтди. Унда ташкилот президенти ва Ижроқўм аъзолари сайланди.

Уюшма бош раҳбарлиги учун ягона даъвогар – «Зенит» директорлар кенгаши раиси Александр Дюков номзоди бир овоздан маъқулланди.

Эслатиб ўтамиз, РФИни 2005 йилдан буён бошқариб келган Виталий Мутко 2018 йил охирида лавозимини тарк этди. У бундан бир йил муқаддам – 2017 йилнинг декабрида допинг можароси туфайли ФИФА талаби билан ярим йил муддатга истеъфога чиққанди.

Бугунги конференцияда «Спартак» хўжайини Леонид Федун, ЦСКА президенти Евгений Гинер ва «Краснодар» соҳиби Сергей Галицкий каби рус футболидаги таниқли шахслар уюшма Ижроқўми аъзолигига сайланди.

Ижроқўмнинг янги таркиби 23 кишидан иборат бўлиб, яна тўртта ўрин эгаси кейинги конференцияда маълум бўлади.

Мавзуга оид
Top