17:14 / 24.02.2019
11059

Япония кит овига расман қайтмоқчи

Фото: JEREMY SUTTON-HIBBERT / HANDOUT/EPA

Япония кит овлашга расман қайтмоқчи. Мамлакат расмийлари айрим турдаги китларнинг қирилиб кетишини олдини олиш учун овларга мораторийни қўллаб-қувватловчи Халқаро кит овлаш комиссия сафидан чиқишини маълум қилди. Ҳужжатларни расмийлаштириш жорий йилнинг биринчи ярмида тугатилиши режалаштирилмоқда. 

Япон қирғоқбўйи қишлоқларидан бири – Тайдзида маҳаллий овчилар чекловсиз овга рухсат тегишини сабрсизлик билан кутмоқда. 

Фото: MARK VOTIER/WDC

«Агар сотувда ҳар хил балиқ гўшти пайдо бўлса, истеъмолчилар гавжум бўлади, харид қуввати ошиши мумкин», – дейди маҳаллий савдогар Синичи Сиозаки.

Токиодан жанубда жойлашган гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи «Гайбо Хогей» компанияси президенти Йосинори Содзи «ҳечдан кўра- кеч» нақлига амал қилиб, янгиликни хуш қаршиламоқда. Шунга қарамай, кит овлаш саноати Японияда инқироз ёқасида турибди, кит овловчилар 200дан ортиқ эмас, уларнинг кемалари таъмирга муҳтож.

1960 йилда 200 минг тонна кит гўшти истеъмол қилинган бўлса, айни йилларда бу кўрсаткич 3-4 минг тоннадан ошмаяпти. 2010 йил мамлакатда ўтказилган ижтимоий сўровда респондентларнинг 90 фоизи кит гўштини умуман истеъмол қилмаслигини айтган. Кит овига қўйилган тақиқнинг олиб ташланишини фақат 25 фоиз сўровнома иштирокчилари ёқлаган. 

Юқоридагиларни инобатга олсак, нега Япония ўз обрўсини ўртага тикиб, хатарли қарорни қабул қилди? Ахир Тайдзидаги дельфинлар можаросидан сўнг, ҳукумат ўзини оқлашга мажбур бўлганди-ку.

Япон ҳукумати келтираётган важга кўра, кит овлаш анъанавий саноат турларидан бири, кит гўшти эса миллий ошхонанинг ажралмас бир бўлаги ҳисобланади. Маҳаллий амалдорлардан бири шундай баёнот берди: 

«Биз қуён ейишга кўникмаганмиз, лекин Британия халқидан қуён гўштидан таом тайёрлашни тақиқлаб қўйишни сўрамаяпмиз», – дейди у.

Фото: Kyodo News/Kyodo News via Getty Images

Аммо бу аргумент унчалик ишончли эмас: айрим туманларда кит овлаш фақат XX асрда оммалашган. Аммо гўштни истеъмол қилиш ҳақида японлар ҳузур билан сўзлаб беради. 

«Ёшлигимда мактаб ошхонасида кит гўштидан тайёрланган овқат бўларди. Биз чўчқа ё мол гўшти нималигини билмасдан улғайдик», – деб эслайди токиолик аёл. Унинг айтишича, ҳозир замон ўзгарди, гўштларнинг тури кўпайди, танлов учун таклиф ҳам кўп. 

Шунга қарамай, Япония ҳукумати бу орқали денгиз савдоси ва саноатида ўз улушини кенгайтириш, турдош йўналишда ҳам фаолиятини ривожлантиришга ишора қилмоқда.

Top