18:10 / 04.04.2019
7668
Реклама

СамДУ ҳузуридаги минтақавий марказ: тингловчилар жаҳоннинг энг яхши мутахассисларидан сабоқ олмоқда

Самарқанд давлат университети ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш минтақавий маркази Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 26 сентябрдаги “Олий таълим муассасалари педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 278-сонли қарори асосида ташкил этилиб, унда минтақамизда жойлашган Сирдарё, Жиззах, Самарқанд ва Навоий вилоятларида фаолият олиб бораётган барча олий таълим муассасалари ва олий таълим муассасаларининг филиаллари ҳамда уларнинг академик лицейларининг, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар ва Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги академик лицейларнинг ҳамда Республикамизда тожик тили ва адабиёти йўналишида фаолият олиб бораётган педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш билан шуғулланади.

Мазкур минтақавий марказда таълим олаётган тўртта вилоят олий таълим муассасаларидаги  педагог кадрларга бериладиган сабоқ, бугунги кундаги салоҳияти ва имкониятлари қай даражада?

Минтақавий марказга бугунги кунда дарс машғулотларини олиб бориш учун жалб этилган мутахассисларнинг илмий-педагогик салоҳияти 96% ни ташкил этади. 2018 йил бўйича юқоридаги олий таълим муассасаларининг 216 нафар педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш режаси белгилаб қўйилган эди. Йиллик режа режага мувофиқ тўлиқ бажарилди. 

Минтақавий марказда ҳозирги замонавий талабларга жавоб берадиган 20 га яқин умумтаълим фанлари бўйича қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари ташкил этилган. Курсларда ўқув машғулотлари муаммоли маъруза, семинар-тренинг, давра суҳбати, тажриба алмашиш, мунозара, кичик гуруҳларда ишлаш асосида ташкил этилиб, хорижлик ўз соҳасининг билимдон мутахассисларини жалб этган ҳолда интерфаол методлардан фойдаланиб минтақадаги етук олимлар томонидан олиб борилмоқда.

Ўз навбатида марказда ташкил этилган педагогик амалиётлар Самарқанд давлат университетининг 17 та энг нуфузли кафедраларида белгиланган тартибда олиб борилмоқда. Бундан ташқари Самарқанд шаҳридаги илмий тадқиқот муассасалари ҳамкорлигида, халқаро тадқиқот марказлари, Ўзбекистон Фанлар Академияси Археологик тадқиқотлар институти, Имом Бухорий халқаро тадқиқот маркази, “Афросиёб” минтақавий тадқиқот маркази, Астрономия ўқув-илмий маркази ва бошқа инновацион таълим технологияларини амалда қўллаб келаётган бир нечта ишлаб чиқариш корхоналарида белгиланган тартибда амалиётларни (жами 15та) амалга ошириш йўлга қўйилган.

Таълим сифатини юқори даражада кўтариш мақсадида минтақавий марказ курсларида ўқув-услубий фаолиятни инновацион ёндашувлар асосида ташкил этиш, кадрлар илмий-педагогик салоҳияти кўрсаткичининг юқори бўлиши ва машғулотларнинг юқори савияда ташкил этилиши ҳамда тингловчиларнинг индивидуал эҳтиёжларини қондиришга қаратилган сўровномалар ва суҳбатлар мунтазам тарзда ўтказилиши малака ошириш фаолиятининг юксалишида ўз самарасини бермоқда.

Марказ директори Нуриддин Индиаминов билан бўлган суҳбат жараёнида авваллари малака ошириш таълим муассасаларига чет элдан таклиф этилган мутахассислар томонидан қисқа муддатли учрашувлар ёки кўпи билан икки соатлик дарс машғулотлари ўтиб кетилар эди,- деб таъкидлайди. Ҳозирги кунда минтақавий марказда дунёнинг бир қатор ривожланган давлатлари олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари дарс машғулотларини ўтказиб келишмоқда. Жумладан, АҚШ, Германия, Англия, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Испания, Хитой каби кўплаб ривожланган мамлакатлардан ҳамда МДҲ давлатларидан таниқли профессор-ўқитувчиларни жалб этишга, улар томонидан ўқув режанинг бутун модули бўйича назарий ва амалий дарс машғулотлари ўтказилиб келиши йўлга қўйилган. Масалан, бугунги кунда информацион технологиялар бўйича энг яхши мутахассислар Ҳиндистон ва бошқа ривожланган мамлакатларда эканлиги ҳаммамизга маълум. Минтақавий марказга етук мутахассислар таклиф этилди. Жумладан, Ҳиндистондан Чандигарх университети PhD (Managment) доктори Расмеет Сингх Бали ва PhD (CS) Муниш Субҳарвал ва Франциядан Пуатье университети профессори Патрис Наудин, рус тили ва адабиёти йўналиши бўйича Россиянинг етук олий таълим муассасаларидан соҳа мутаҳассислари таклиф этилди. Улар ҳам ўқув режанинг мутахассислик блокидаги модуллар бўйича назарий ва амалий дарсларни ўтказишди. Шунингдек, 2018 йил давомида ўқув режаларнинг 10 та модули бўйича хорижлик мутахассислар дарс машғулотларини тўлиқ шаклда олиб боришди.

Ахборот технологиялари бўйича қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларига келган тингловчилар хорижлик мутахассислардан комьютерларда бир вақтнинг ўзида бир нечта оператив тизимларда параллел ишлаш, компьютер хотирасини бир неча баробарга ошириш, компьютерларни оғзаки буйруқлар орқали бошқариш технологияларини ва дастурлаш бўйича энг сўнгги маълумотларни олиш ҳамда уларни амалиётда қўллаш имкониятига эга бўлишди. Бундай тажриба синов асосида ташкил этилган қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари тингловчиларга жуда ҳам фойдали бўлганлигини профессорлар Б.Хўжаёров, И.Жуманов ҳамда ёш илмий тадқиқот билан шуғулланаётган педагог кадрлар жуда катта мамнуният билан қайд этдилар. Бу ерда олинган кўникма ва малакалар ёш мутахассисларни хорижда илмий тадқиқотларни намунали, эркин бажаришлари учун беқиёс амалий ёрдам сифатида хизмат қилади. Мана шу нуқтаи-назардан келиб чиққан ҳолда ушбу амалий тажрибани республикамизнинг барча малака ошириш таълим муассасаларида жорий қилиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Минтақавий марказда тингловчи бўлиб, дарс машғулотларида фаол иштирок этган профессорлар Б.Хўжаёров, Ж.Яхшиликов, И.Жуманов, Л.Собиров, С.Каримов, А.Ҳайдаров ва бошқа кўплаб ёш профессор-ўқитувчилар бу ерда инновацион технологияларни қўллашга қаратилган амалий ишлар олиб борилаётганлигини эътибор билан қайд этган ҳолда  “Scopus” – библиографик ва рефератив халқаро базасидан илмий нашрларда мақолалар цитатаси (нашр парчаси)ни кўриб бориш имкониятини берадиган восита сифатида фойдаланишни батафсил ўргатаётганликлари илмий тадқиқот ишларини бажаришда жуда катта самара беришини алоҳида эътироф этишдилар.

Олий таълим муассасалари ҳузуридаги академик лицейлардан келган тингловчилар ҳам ижобий ва ижодий таклиф-мулоҳазаларини мунтазам равишда бериб келишмоқда. Жумладан, рус тили ва адабиёти йўналиши бўйича малака оширишга келган тингловчи Нигина Олимова ва бошқалар минтақавий марказ учун шаҳарнинг марказ қисмидан яхши жиҳозланган замонавий бино ажратилса яхши бўлар эди,- деган таклифларини киритган.

Академик лицейлар буюртмачи сифатида фаолият олиб бориш билан биргаликда, ўқув жараёни сифатининг ички назоратини ва таҳлилини ҳам амалга оширадилар, рейтинг тизими бўйича ҳар бир педагог касб фаолиятининг мониторингини олиб борадилар ва баҳолайдилар. Ушбу ишлар асосида малака оширишга эҳтиёж сезадиган ўқитувчилар контингентини реал шахсий талаблардан келиб чиққан ҳолда режа тузишлари, уларнинг касб малакаси даражалари асосида табақалаштиришлари, қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг тегишли турлари ва шаклларини белгилашлари керак, деб ҳисоблайдиган тингловчилар сони кўпчиликни ташкил қилади.

Минтақавий марказда мактабгача таълим муассасаларига тарбиячилар тайёрлаш йўналишида ташкил этилган касбий қайта тайёрлаш курсларига жуда катта эҳтиёж борлигини инобатга олган ҳолда уларни янги замонавий тарбия усулларини ўзлаштиришларига имконият яратиш, тарбияланувчиларни ҳар томонлама етук, соғлом, баркамол инсон қилиб тарбиялашда кун тартибининг алоҳида ўрни борлигини даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Профессор-ўқитувчиларнинг охирги 3 йилда бажарган илмий тадқиқот ҳамда методик ишлари асосида шакллантириладиган электрон портфолиони баҳолашда унинг улушини етарли даражада ошириш адолатли бўлишини таъминлайди. Чунки баъзи етук профессор-ўқитувчилар ҳар йили камида бир нафар PhD диссертацияларини тайёрлаш ва ҳимоя этишини ташкил этган ҳолда бир нечта илмий мақолаларни дунёнинг нуфузли илмий журналларида чоп эттириш, дарсликлар, монографияларни ёзиш, илмий тадқиқот грантларида фаолият олиб бориш ишларида тўғридан-тўғри иштирок этиб келишмоқда. Ушбу таклиф ва тавсифлар доимий равишда минтақавий марказда тингловчиларининг фикр-мулоҳазаларини ўрганиб боришга қаратилган сўровномаларида ва суҳбатларида ўз аксини топган.

Хулоса ўрнида педагогик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишда ҳар бир профессор-ўқитувчининг реал малака даражаларини инобатга оладиган, лозим бўлганда масофадан ўқитиш методларини қўллаган ҳолда шахснинг янада такомиллашишига йўналтирилган табақалаштирилган тизимни илғор хорижий таълим тажрибаларини ҳисобга олган ҳолда жорий этиш лозим.

Реклама ҳуқуқи асосида

Top